Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров колонияда жазо ўтаётган россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийнинг Қуръон тиловат қилмоқчилигини танқид қилди. Бу ҳақда Қодиров Telegram-каналида ёзган, деб хабар беради «РБК».

Фото: «РИА-Новости»

Қодировнинг сўзларига кўра, Навальний Қуръондан сиёсий мақсадда фойдаланмоқчи. Илгари Навальний мусулмон аёлларнинг ҳижоб кийишини «ўрта асрлардан қолган ваҳшийлик» деб атаган. Шунингдек, Москвада «барча муҳожирлар учун» масжидлар қурилишига, умуман Ўрта Осиё ва Кавказ мамлакатларига тегишли миграция мавзусига қарши чиққан.

«Ортиқча изоҳларсиз ҳам бу исломофоб Муқаддас Битикни ўзининг сиёсий мақсадлари учун ишлатишга интилаётгани ва илгари Европада ўрганиб келганидек, провокациялар учун фойдаланиши кундек равшан», — деди Чеченистон раҳбари.

Шунингдек, у Навальний исломни қабул қилиб, «ҳақиқат йўлидан боришни» истаётганига шубҳа билдирди ва қамоқхона ходимларини «маҳбуснинг мазҳаблараро низо қўзғашига йўл қўймасликка» чақирди. Қодировнинг таъкидлашича, мусулмон оилаларида Қуръон шарафли жойда сақланиб, унга ҳурмат билан қаралади.

«Навальний унга Қуръон билан хоҳлаган ишини қилишга рухсат берадиган одам эмас. У ўз ватанини сотган душман ва хоин, шунчаки ўзини бечора кўрсатиб, одамлар эътиборини тортиш учун ҳар қандай провокацияни амалга оширишга тайёр. Ундан кўра ҳужраси бурчагида ўтириб, ўз қилмишлари ҳақида ўйласин. Бунга унинг вақти етарли», — деди Чеченистон раҳбари. Шунингдек, Қодиров Навальнийнинг қарашлари ва турмуш тарзи «ислом дини у ёқда турсин, бирорта эътиқод билан ҳеч қандай алоқаси йўқ» дея қўшимча қилди.

Навальний Владимир вилоятидаги 2-сонли ахлоқ тузатиш колониясида сақланмоқда. 13 апрель куни Навальнийнинг Instagram’ида сиёсатчи колония маъмуриятини унга Қуръон ўқишни тақиқлагани учун судга бергани ҳақида хабар пайдо бўлди. Хабарда айтилишича, Навальний Қуръонни «чуқур ўрганиш ва тушуниш» учун бошқа китоблар билан бирга колонияга олиб келган. Бироқ колония зобитлари уларни экстремизмга қарши текшириш кераклигини айтиб, олиб қўйганича ҳали қайтариб бермаган.

«Қуръонни экстремизм учун текшириш нима эканини тушунмаяпман. Умуман, бу қандай олиб борилади? Назорат офицери Покров шаҳридаги 2-колонияда ўтириб, бир ярим миллиард кишининг муқаддас китобини экстремизмга текширмоқда. Агар у экстремизмни топса, Қуръон ўқишни тақиқлайди. Бу иш нафақат ноқонуний ва бемаъни, балки диндорга ҳам, ҳар қандай ўқимишли одамга ҳам ҳақорат ҳисобланади», — дейилади Навальний баёнотида.

Навальний колонияга қарши судга мурожаат қилган. «Китоблар бизнинг шахсий мулкимиз ва агар ўқиш ҳуқуқи учун судга мурожаат қилиш керак бўлса, мен судга мурожаат қиламан», — дея хулоса қилган мухолифатчи.

Аввалроқ колонияда сақланаётган Навальнийнинг аҳволи ёмонлашаётгани, унда иккита умуртқа чурраси аниқлангани ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, Алексей Навальний колонияда унга бошқа жойдан шифокор чақиришни талаб қилиб, 31 мартдан буён очлик эълон қилиб келмоқда. Жазоларни ижро этиш федерал хизмати зарур ёрдам кўрсатилаётганини таъкидламоқда.