Дунёнинг турли бурчакларида 15 апрель куни олинган суратларни тақдим этамиз.

Тошкент шаҳридан Чирчиққа кетаверишда йўл четида қулупнай сотаётган аёл. Қулупнай мавсуми ҳали бошланмагани учун унинг килоси ҳозирда 140 мингдан 160 минг сўмгача бўлган нархда сотилмоқда.

Фото: «Дарё» / Мусулмонбек Иброҳимов

Жанубий Африканинг Крюгер миллий боғида бир-бирига яқин турган уч жирафа.

Фото: Solent News

Ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск Халқ Республикаси (ЛПР) жангарилари Золотое яқинидаги жанговар позицияларда снайпер томонидан отиб ўлдирилган сафдошининг дафн маросимида қатнашмоқда.

Фото: Reuters

Сурия мухолифати назорати остидаги ал-Жайне қишлоғидаги мактабда гимнастика машғулоти билан шуғулланаётган қиз ва унинг ўйинчоқлари.

Фото: Reuters

Буюк Британиянинг Ньюбери шаҳри яқинидаги қиров тушган далада ёлғиз турган дарахт ва унинг сояси.

Фото: PA

Хитойнинг Ички Моғулистон мухтор раёнида ишчилар Лайнкек темир йўлини қумдан тозаламоқда.

Фото: Shutterstock

Гватемалада ҳаракатга келган Пакая вулқонидан оқиб тушаётган лава яқинида турган одамлар.

Фото: EPA

Токиодаги Олимпиада рамзи орқасида кўринаётган камалак рангидаги кўприк ва Токио минораси. Токио—2020 Олимпиадаси бошланишига 99 кун қолди.

Фото: Reuters

Қоҳирада яшовчи 46 ёшли Хажжа Далал исмли месахарати (уйғотувчи одам) «Маади» маҳалласида мусулмонларни саҳарлик қилиш учун уйғотмоқда.

Фото: Reuters

Шавкат Мирзиёев 15 апрель куни Самарқанд туманида барпо этилаётган туризм маркази қурилишини кўздан кечирди. Лойиҳага кўра, бу ерда 10 та иншоот, жумладан, конгресс холл, меҳмонхоналар, дам олиш масканлари бўлади. Уни 2022 йилда фойдаланишга топшириш мўлжалланган.

Фото: Президент матбуот хизмати

АҚШга келаётган муҳожир қизалоқ. Жо Байден маъмурияти АҚШнинг жанубий чегараси бўйлаб муҳожирлар, айниқса, вояга етмаганлар оқимига қарши курашни давом эттирмоқда.

Фото: Getty Images

Туркия пойтахти Анқарадаги масжид олдидаги майдон дезинфекция қилинмоқда. Мамлакатда коронавирус билан боғлиқ ҳолат кундан кунга оғирлашиб бормоқда. 14 апрель куни Туркияда 62 мингдан ортиқ одамда COVID-19 аниқланиб, суткалик рекорд янгиланди. Коронавирус юқтирганларнинг умумий сони 4 миллиондан ошиб кетди.

Фото: Reuters

АҚШ президенти Жо Байден Виржиния штатидаги Арлингтон миллий қабристонига ташрифи чоғида 60-бўлимдаги қабрлар орасида тўхтаб турганда кўз ёшларини артиб олди. Бу ерда дафн этилган машҳур америкаликлар орасида президентлар Уильям Ховард Тафт, Жон Кеннеди ҳамда Жаклин Кеннеди ва Роберт Кеннеди бор.

Фото: Reuters

Ёнғиндан сўнг қайта тиклаш ишлари олиб борилаётган Нотр-Дам ибодатхонаси. Икки йил олдин, 2019 йил 15 апрелда Франция пойтахтининг марказида Нотр-Дам собори ёниб кетганди. Ёнғин томни бутунлай вайрон қилган. Ҳозирда бинони тиклаш ишлари давом этмоқда. Франция президенти Эммануэль Макрон ибодатхонани беш йил ичида тиклашга ваъда берган.

Фото: Getty Images

Шавкат Мирзиёев Самарқандга сафари чоғида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Марҳумнинг ҳақига Қуръон тиловат этилди. «Ислом ака камтар инсон эдилар. Бу мақбара ҳам ўзларига муносиб бўлган. Бу ерга меҳр берганмиз. Биринчи Президентимиз бошлаган ишларни давом эттиряпмиз. Руҳлари шод бўлсин, илоҳим», — деди Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Олтинчи ДАН қора белбоғ соҳиби, айкидо бўйича ўқитувчи Там Ҳа Калифорниянинг Гарден-Гроу шаҳридаги Advance Beauty College талабаларига ўзини ҳимоя қилишни ўргатмоқда.

Фото: Reuters

Қўқон—Фарғона йўлининг Бувайда тумани марказидан ўтган қисмидаги чорраҳада ифтор вақти ҳайдовчиларга сув ва араб хурмоси улашаётган йигитлар.

Фото: «Дарё» / Азизжон Эрматов

Буюк Британияда Эдинбург герцоги, Қиролича Елизавета II нинг турмуш ўртоғи Филиппни дафн этиш маросимига тайёргарлик кўрилмоқда. Шаҳзодани дафт этиш маросими 17 апрель куни Виндзор қасрида бўлиб ўтади.

Фото: PA

Исроил мустақиллигининг 73 йиллиги муносабати билан Тель-Авивда мамлакат ҳаво кучлари паради бўлиб ўтди.

Фото: Getty Images

Истанбулда тиббиёт ходимларининг ҳукуматга қарши акцияси бўлиб ўтди.

Фото: EPA

Непалнинг Бхактапур шаҳрида «Синдур Жатра» фестивали доирасида одамлар бир-бирига тўқ сариқ рангли кукунларни сепмоқда. Байрам давомида диндорлар қўшиқ айтиб, рақсга тушиб, бир-бирига кукун сепиб, баҳорнинг кириб келишини нишонлайди.

Фото: Reuters

Қашқадарёнинг Косон туманидаги «Ширинтепа» маҳалласида аравача ичига тушиб олган болакай ва қўй. «Ширинтепа» маҳалласига неча йиллардан буён ичимлик суви келмаган. Одамлар 60, 70 километр узоқдан бир ҳовуз сувни 70 мингдан 90 минг сўмгача сотиб олиб, истеъмол қилган. Бу муаммони бартараф этиш учун яқинда бу ерда «Обод қишлоқ» дастури доирасида йирик сув йиғиш иншооти барпо этилди.

Фото: Косон тумани ҳокимлиги

Шимолий Кореяда «Қуёш куни» — мамлакатнинг биринчи президенти, ҳозирги КХДР етакчиси Ким Чен Иннинг бобоси Ким Ир Сен туғилган куни нишонланмоқда.

Фото: AP Photo

Хитойнинг Дуцзянъянь шаҳридаги китоб дўкони. Дўкон 2020 йилда очилган бўлиб, майдони 973 квадрат метрга тенг. Дўконда 80 мингдан ортиқ китоб бор.

Фото: «ТАСС»

Жо Байден Дональд Трамп президентлик муддати давомида қурилиши тўлиқ якунланмаган Мексика чегарасидаги девор учун ажратиладиган маблағни қисқартирди.

Фото: Getty Images

Техас штатидаги Даллас шаҳри марказида Тони Тассет томонидан яратилган «Кўз» деб номланган шиша толали ҳайкални тиклаётган ишчилар. 30 метрлик «Кўз»га вандализм натижасида зиён етган эди.

Фото: AP Photo

Рамазон ойи давомида Карачидаги масжидда Қуръон ўқиётган одамлар.

Фото: Reuters