Тошкент шаҳрида 12—17 апрель кунлари сузиш бўйича Халқаро сузиш федерацияси (ФИНА) таснифидаги Ўзбекистон Очиқ чемпионати бўлиб ўтди.

Фото: Сузиш федерацияси

Унда ўзбекистонлик спортчилардан ташқари Ҳиндистон, Афғонистон ва Туркманистон давлатларидан ҳам спортчилар иштирок этди.

Очиқ чемпионатнинг дастлабки кунида Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Алексей Тарасенко 100 метрга эркин усулда сузиш бўйича 1-ўринни эгаллади. 48,54 сония натижа билан Тарасенко Токио—2020 Олимпиадасига йўлланмани қўлга киритди.

Чемпионатнинг сўнгги кунида яна икки нафар ўзбекистонлик спортчи Одилбек Юсупбоев ва Элдор Усмонов 100 метрга баттерфляй усулида сузиш баҳсларида муваффақиятли қатнашиб, Олимпия ўйинлари йўлланмасига эга чиқди.

Шу тариқа ўзбекистонлик спортчилар томонидан сузиш бўйича Олимпия ўйинларига жами 5 та лицензия қўлга киритилди.

Эслатиб ўтамиз, дастлабки иккита лицензия 2020 йилда терма жамоа аъзолари Хуршиджон Турсунов ҳамда Владислав Мустафинлар томонидан қўлга киритилган эди.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!