Нигериянинг шимоли-шарқидаги Борно штатида «Боко ҳарам» жангарилари навбатдаги қуролли ҳужумни амалга оширди. Натижада 18 киши ҳалок бўлди, 21 киши жароҳатланди. Бу ҳақда «Korrespondent.net» хабар берди.

Фото: Anadolu

Маълумотларга кўра, ҳужум бўлиб ўтган Дамасак шаҳрига Борно губернатори Бабагана Зулум ташриф буюрган эди. У террорчиларга қарши кураш давом этишини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, Борнода жойлашган ҳарбийларга «Боко ҳарам»га қарши курашиш учун яна 12 та зирҳли техника берилди.

Нигерия Қуролли кучларининг расмий вакили Муҳаммад Ериманинг хабар беришича, Борно штатининг Моббар туманида «Боко ҳарам»га қарши навбатдаги операция ўтказилди. Авиация иштирокидаги операция давомида кўплаб террорчилар, шунингдек, ушбу гуруҳнинг объектлари йўқ қилинди.

Аввалроқ ИШИДга алоқадор жангарилар Нигериянинг шимоли-шарқида жойлашган БМТ базасига ҳужум қилгани ҳақида хабар берилди. Жангарилар Борно штатининг Диква шаҳрида жойлашган базага ҳужум қилган ва ёқиб юборган. Ҳужум пайти БМТнинг 25 та ходими бункер ичига яширинган.

Шунингдек, Эфиопиянинг Шарқий Веллега провинцияси Оромия ҳудудида қуролланган одамлар Эфиопия православ черковига ҳужум қилди. Ҳужум оқибатида 30 га яқин одам ҳалок бўлди. Жангарилар черков руҳонийсини ўлдириб, одамларни ўғирлаб кетган. Жангарилар чангалидан қочиб қутулганлар ҳужумчиларни Оромо озодлик фронтининг жанговар қаноти — Оромо Озодлик армиясининг аъзолари эди, деб даъво қилмоқда.