Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, дунёда коронавирусга чалинганлар сони 141 459 551 кишига етди. Ушбу кўрсаткич бўйича доимгидек, АҚШ (31,6 миллион), Ҳиндистон (15 миллион), Бразилия (13,9 миллион), Франция (5,3 миллион) ва Россия (4,6 миллион) етакчилик қилмоқда.

COVID-19 оқибатида вафот этганлар сони эса 3 020 990 кишини ташкил қилмоқда.

Болакай Бхактапур кўчаларидан бирида совун пуфакларини шиширмоқда, Непал

Фото: Getty Images

Дунёда коронавирус билан касалланиш даражаси бўйича янги рекорд қайд этилди: ўтган бир ҳафта ичида 5,2 миллион киши COVID-19’ни юқтириб олди, бу пандемия бошидан буён кузатилган энг катта ҳафталик кўрсаткичдир. Bloomberg агентлиги ёзишича, касалланиш ҳолатларининг ўсиши ривожланаётган мамлакатлар ҳисобидан юз бермоқда, ривожланган мамлакатларда эса вирус тарқалиши суръатлари пасаймоқда.

Касалланганлар сони энг кўп Ҳиндистон ва Бразилияда ошган. У ерларда тегишли равишда аҳолининг 4,5 ва 8,3 фоизи эмланган бўлса, АҚШда 33, Буюк Британияда — 32 фоиз аҳоли вакцина олган.

Ҳиндистонда 19 апрель, душанба ҳолатига ўтган бир кеча-кундузда рекорд даражада кўп — 273 810 кишида вирус аниқланди. Ўлимлар сони бўйича ҳам рекорд қайд этилди: бир кунда 1619 киши вафот этди, шу тариқа, пандемия бошидан буён вафот этганлар 178 769 кишига етди.

Айни пайтда Ҳиндистон касалхоналари беморлар оқимининг катталиги туфайли жойлар ва кислород захиралари етишмаслиги билан курашмоқда.

Шу билан бирга, инфекция тарқалишининг кучайиб кетганига қарамай, сиёсатчилар сайловлар арафасида бутун мамлакат бўйлаб оммавий митинглар ўтказишда давом этмоқда.

Шу муносабат билан пойтахт Ню-Делида 26 апрелга қадар тўлиқ локдаун жорий қилинди. «Бу кичик локдаун, олти кунга, холос. Делидан кетманг. Локдаунни узайтиришимиз керак бўлмайди, деб умид қиламан», — деди Дели бош вазири Арвинд Кежривал. У шаҳарда пандемиянинг тўртинчи тўлқини бошланганини қайд этди. Сўнгги вақтларда Делида ҳар куни 25 мингга яқин одам коронавирусга чалинмоқда.

Локдаун ҳафталиги чоғида хусусий компаниялар ходимлари уйдан ишлайди. Ҳаётий зарур хизматлар ишчилари ва давлат ходимларигина ишхонага бориб ишлайди. Тўйлар ўтказишга рухсат берилади, фақат уларда 50 кишидан кўп одам қатнашиши мумкин эмас. Шаҳарда ресторанлар, савдо марказлари ва спорт заллари ёпилган. Кинотеатрлар ишлаяпти, аммо залнинг учдан бир қисми тўлиши мумкин, холос.

Бразилия соғлиқни сақлаш вазири Рафаэл Парент COVID-19 билан касалланиш даражаси пасаймагунича аёллардан ҳомиладорликни режалаштирмасликни сўради. Мамлакатда айланиб юрган коронавирус штамми айни пайтда она бўлганлардан кўра бўлғуси оналарга кўпроқ таъсир ўтказади.

Вазирнинг сўзларига кўра, коронавируснинг «бразилияча» штамми бошқаларидан кўра тезроқ юқади ва айнан ҳомиладорларга ёмонроқ таъсир қилади.

«Агар мумкин бўлса, ҳомиладорликни яхшироқ вақтлар келгунича кечиктиринг», — деди Парент.

АҚШнинг Жоржия штати океанариумидаги Осиё қундузлари COVID-19’ни юқтириб олди, аммо улар тўлиқ соғайиб кетиши кутилмоқда.

Қундузларда аксириш, бурун оқиши, енгил лоҳаслик, йўтал каби респиратор симптомлар юзага келган. Айни пайтда улар «саҳна ортига» олиб ўтилган ва даволанмоқда.

Қундузлар касалликни симптомсиз ўтказган ходимдан юқтириб олгани тахмин қилинмоқда, чунки жониворлар ташрифчилар билан бевосита алоқа қилмайди.