Ўзбекистонда ишга киришда сўраладиган объективка-маълумотномага ўхшаш ҳужжатлар ҳақиқатан ҳам аллақачон умрини ўтаб бўлган. Замонавий дунёда ишга кирмоқчи бўлган номзоддан резюме олинади. Резюмеда шахсий маълумотномадаги каби қариндош-уруғлар кўрсатилмайди. Аслида ҳам ишчининг ўзи кимлиги, малакаси қай даражадалиги муҳим-ку иш берувчи учун — профессорнинг ўғли ёки қизи бўлгани, оиласида кимдир судлангани ходимнинг салоҳиятини кўрсатмайди (судланганлик ҳолати ҳуқуқ-тартибот органлари учун муҳим бўлиши мумкин, улар буни объективкасиз ҳам аниқлаб ола билади).

Бизда урф бўлган объективка-маълумотномаларда сиёсий партияларга аъзолик, миллати кабилар ҳам кўрсатилади. Булар нимага кераклигига ҳайронман. Партияга аъзолик лавозимда ўсишга таъсир қиладиган пайтлар аллақачон ўтган-ку! Бирор партияга ишга кираётган одамдан партиявий мансублигини сўраш ўринлидир. Лекин бошқа ҳолатларда аҳамиятли эмас, менимча. Кишининг миллати ҳам ходимнинг лаёқати ёки иш сифатига таъсир қилмайди.

Амалдаги шахсий маълумотномалар ходимнинг салоҳияти, қобилияти ҳақида етарлича маълумот бера олмайди. Унда қандай ютуқларга эришганингиз, соҳа бўйича қандай ишларни бажарганингиз, қандай лойиҳаларда қатнашганингизни кўрсата олмайсиз. Биргина ишлаган жойларига қараб ходимнинг малакаси ҳақида тўлақонли тасаввур ҳосил қилиб бўлмайди. Номзод ҳатто нуфузли жойда ишлаб ҳам, катта натижаларга эришмаган, етарли билим-тажриба орттирмаган бўлиши мумкин. Шахсий маълумотномани намуна бўйича тайёрлайман десангиз, унда ҳатто телефон рақами ёки электрон манзил ёзадиган жой ҳам йўқ. Чунки у эски замон ҳужжати-да.

Резюмеда эса номзоднинг қобилияти ва тажрибаси, у билан боғланиш воситалари ҳақида кенгроқ, аниқроқ маълумотларни бериш мумкин. Булар — иш берувчи учун қизиқ ва аҳамиятли.

Идора ва ташкилотларда, айниқса давлат идораларида ходимнинг шахсий ҳужжатлари йиғмажилди юритилади. «Давлат тилида иш юритиш» китобида кўрсатилишича, бу йиғмажилддан кадрларни ҳисобга олиш бўйича шахсий варақа ёки сўровнома, таржимаи ҳол, шахсий варақага қўшимча, шахсий маълумотнома ва бошқа ҳужжатлар ҳам ўрин олади. Тўғри, бу ҳужжатларни талаб қилиш Меҳнат кодексида кўрсатилмаган, лекин амалиётда кенг қўлланади.

Юқорида саналганлардан объективка, таржимаи ҳол, шахсий варақа ва сўровнома бир-бирига ўхшаш маълумотларни айнан такрорлайди. Таржимаи ҳол, шахсий варақа ва сўровномада ҳам худди объективкадагига ўхшаб қариндошларингиз, ишлаган ва ўқиган жойларингиз, партияларга алоқадорлигингиз, қайси тилларни билишингиз кўрсатилиши керак. Қайта ва қайта.

Шахсий варақада чет элларда бўлган-бўлмаганингиз, сўровномада судланган-судланмаганингизни ҳам билдириб ўтишингиз керак. Бир пайтлар чет элдаги қариндошларингиз ва улар билан алоқаларингизни кўрсатиш сўралган сўровномалар ҳам бўларди. Худди тергов саволларига ўхшарди. Ҳозир бундай сўровномалар йўқ, шекилли, ҳар ҳолда.

Янги ишни бундай қоғозбозлик, керакциз саволларга бир неча бор жавоб ёзиш билан бошлаш ходимнинг кайфиятига, албатта, таъсир қилади. Бу шунчаки кайфият иши эмас, ортиқча чиқим ҳамдир. Агар бу қоғозлар ходим ҳисобидан бўлса, бевосита ходим зарар кўради. Йўқса, корхона. Агар бюджет ташкилоти бўлса, алалоқибат давлат ва халқ зарар кўради. Арзимасдек кўринган бу чиқимлар бутун мамлакат миқёсида катта суммага айланади. Ахир бу маълумотномаларнинг қоғози, босмахона ва ташиш харажатлари — ҳаммаси маблағ талаб этади. Ходим сарфлайдиган вақт ҳам умр исрофидан бошқа нарса эмас.

Кадрлар соҳасида ишлайдиган бир танишимнинг айтишича, таржимаи ҳол ёздиришнинг фойдаси бор экан. Ходимлардан бири ишдан бўшамайман, ишдан бўшаш ҳақидаги аризани мен ёзмаганман деб туриб олибди. Imzoни атай бошқача қўйган экан шоввоз. Шунда таржимаи ҳолдаги ва аризадаги дастхат бирхиллигини далил қилиб олишибди. Шунга ўхшаш ҳолатларнигина деб ортиқча қоғоз тўлдириш ўзини оқламайдиган ҳолат барибир. Иш бермайдиган, малакасиз ходимни бўшатишнинг қонуний, асосли йўлидан бориш керак. Шунда дастхат солиштиришга ҳам ҳожат қолмайди.

Муаммони кўрсатгач, ечимни ҳам айтиш керак-да. Таклифларим қуйидагича:

1. Ишга киришда юқоридаги ҳужжатларнинг ҳеч бирини талаб қилмаслик ва фақат резюме сўраш. Балки, Меҳнат кодексига ҳам киритилар. Ёки бу шунчаки тавсия мақомида бўлиши мумкин. Резюме номзоддан ишга киришдан олдин сўралади, кейинчалик ходимнинг шахсий йиғмажилдида бўлиши шарт эмас. Объективканинг номини резюме деб ўзгартириб қўйиш билан ҳам иш битмайди. Резюмеда нималар акс этиши кераклигини инглиз, немис ва рус тилларидаги вариантларидан ўрганиб, тавсия ишлаб чиқиш мумкин. Балки, бошқа тиллардаги резюмелар ҳам ўрганилар. Тавсияни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тайёрлагани яхшироқ, менимча.

2. Барча ҳужжатларни, ҳатто аризани ҳам электрон кўринишга ўтказиш ва буни электрон имзо билан тасдиқлаш. Корхона-ташкилот ҳам, ходим ҳам ўзаро муносабати ва ёзишмаларини электрон имзо билан тасдиқлайди. Ҳар бир киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар қайд этилиб боради. Бу жараён «my.gov.uz» ёки «my.mehnat.uz» тизими орқали амалга оширилса, яна-да яхши.

3. Корхона ва ташкилотларда қоғозбозлик билан боғлиқ ҳолатларни камайтириш борасида аввало масъул ташкилотларнинг ўзи хайрихоҳ ва ташаббускор бўлиши керак.

Ориф Толиб, "Daryo" колумнисти