16:09, 19.04.2021 // 13328

Тошкентда карантин чекловлари кучайтирилган биринчи кунда жамоат жойларида ниқобсиз юрган 773 киши жаримага тортилди

Ўзбекистонда 18 апрелдан карантин талаблари кучайтирилиб, қоидабузарлар қатъий жавобгарликка тортилиши ҳақида хабар берилган эди. Тошкент шаҳар ИИББ томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, 18 апрель куни 773 кишига нисбатан жамоат жойларда ниқобсиз юргани учун баённомалар расмийлаштирилди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Шунингдек, ўрнатилган чекловлар ҳақида огоҳлантириш юзасидан 818 та баённома тузилган.

ИИВ матбуот хизмати шу кунгача ички ишлар органлари ходимлари карантин қоидаларини бузган фуқароларга нисбатан асосан огоҳлантириш билан чекланиб келганини, бундан буён қоидабузарларга нисбатан қонуний ва қатъий чоралар кўрилишини қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, Маъмурий жавобгарик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига асосан эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик чоралари белгиланган.

Унга кўра, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваригача (1 миллион 225 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ўзбекистонда кунлик касалланишлар сони 300 кишидан ортиқ бўлмоқда. Хусусан, 18 апрель куни мамлакатнинг 10 та ҳудудида жами 302 та касалланиш ҳолати аниқланган, уларнинг 206 нафари Тошкент шаҳрида қайд этилган.

Шу куни бош вазир Абдулла Арипов, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва бошқа мутасадди ташкилот вакиллари Тошкентдаги савдо объектларида карантин талабларига риоя этилишини ўрганди.

Энг кўп ўқилган

Қидирув