Марказий банк бошқаруви 22 апрель куни бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишда асосий ставкани ўзгаришсиз, йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Фото: «Дарё»

Қайд этилишича, мазкур қарор инфляция даражасини пасайтириш ва иқтисодиётнинг тикланиб бориши шароитида иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаш мақсадлари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш, ташқи бозорларда озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиши бўйича хатарлар фонида инфляция ва инфляцион кутилмаларнинг пасаювчи динамикасини сақлаб қолиш мақсадида қабул қилинди.

2021 йил 11 мартда ҳам Марказий банк бошқаруви асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилганди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил бошида 14 фоиз этиб тасдиқлаганди. 2019 йилда ушбу ставка 16 фоизгача кўтарилганди. 2020 йил март ойида ҳам базавий ставка ўзгаришсиз қолдирилиб, 16 фоиз деб белгиланганди.

Марказий банк бошқарувининг 2020 йил 14 апрелдаги қарори билан асосий ставка 1 фоизга пасайтирилиб, йиллик 15 фоиз даражасида белгиланган эди. Июнь ойида эса Марказий банк асосий ставкани пасайтириши ҳақида хабарлар тарқалди, бироқ 11 июнь куни асосий ставка бўйича қарор қабул қилинган ва у 15 фоиз миқдорида ўзгаришсиз қолдирилганди.

2020 йил 10 сентябрь куни Марказий банк бошқаруви асосий ставкани 1 фоизга пасайтириб, 14 фоиз этиб белгилади. 2020 йил 22 октябри ва 2021 йилнинг 21 январида ҳам асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз сақлаб қолди.