NASA (АҚШ Миллий аэронавтика ва коинотни тадқиқ этиш бошқармаси) 2020 йил июлида Марсга учирган Perseverance марсоходи сайёра атмосферасидан кислород ажратиб олишга муваффақ бўлди, деб ёзади «РБК».

Perseverance марсоходи

Фото: NASA

«NASA’нинг Марс юзасидаги энг янги олти ғилдиракли роботи Perseverance’нинг кенгайиб бораётган кашфиётлари рўйхати атмосферадаги тарқоқ, диоксидга бой углерод қисмларини кислородга айлантиришни ўз ичига олади», — дейилади NASA хабарида.

Ушбу синовни марсоход 20 апрель — сайёрада ўтказаётган 60-кунида амалга оширди.

Америка коинот агентлиги аниқлик киритишича, бу кашфиёт келажакда космонавтларни нафас олиш учун яроқли бўлган ҳаво билан таъминлашда ёрдам беради. Таъкидланишича, қизил сайёра атмосферасининг 96 фоизини карбонат ангидрид ташкил этади.

Бундан ташқари, маҳаллий атмосферани кислородга айлантириш келажакда Марсда ёқилғи ишлаб чиқариш имконини ҳам бериши керак. Буларнинг барчаси у ерга одамни тушириш жараёнига яқинлаштиради, дея қайд этди NASA.

Perseverance марсоходи ортилган ракета 2020 йил июлида Флорида штатида жойлашган Канаверал бурнидаги космодромдан учирилган эди. Февралда Америка ровери Езеро кратерига бориб қўнди. Бунгача сунъий йўлдошдан олинган маълумотлар ёрдамида у ерда катта кўлга бориб қуйилган дарё ўзани излари аниқланган эди. Олимлар фикрича, кратерда ҳаёт излари сақланиб қолган бўлиши мумкин.