Марс атмосферасида иккинчи парвозини амалга оширган Ingenuity дрони сайёранинг рангли суратини юборди. Бу ҳақда NASA’га таяниб, «Korrespondent.net» хабар берди.

Фото: NASA

Суратда вертолёт соясини, унинг қўниш таянчлари учи, шунингдек, дронни Марсга етказган Perseverance роверининг ғилдираклари изини кўриш мумкин.

Иккинчи парвоз вақтида дрон атроф-муҳитни нафақат ўзининг оқ-қора навигацион камераси, балки рангли камераси ёрдамида ҳам тасвирга олган. Эълон қилинган сурат сайёра юзасидан 5,2 метр баландликдан олинган.

Фото: NASA

Эслатиб ўтамиз, 19 апрель кунги муваффақиятли синов парвози чоғида Ingenuity вертолёти 3 метр баландликка кўтарилган ва Марс юзаси узра 39 сония вақт ўтказган эди.

Аввалроқ NASA бутун операция буйруқлар асосида автоном тарзда амалга оширилишини маълум қилганди, буйруқлар эса Perseverance марсоходига юборилган, ундан Ingenuity вертолётига узатилган.

Ingenuity 31 кун ишлашга мўлжалланган. У яна камида учта парвозни амалга ошириб, марсоход атрофидаги ҳудудни аэрофотосъёмка қилиши керак.

Дроннинг диаметри 1,2 метр, оғирлиги тахминан 1,8 килограмм бўлиб, уни ишлаб чиқиш учун 85 миллион доллар сарфланган. У иккита камера билан жиҳозланган ва суратга олиш учун ҳавода 20—30 сония давомида муаллақ тура олади. NASA аввалроқ бундай қурилма учун асосий муаммо Марс атмосферасининг ўта сийраклигидан иборат бўлишини маълум қилганди. «Марс атмосферасининг зичлиги Ерникининг атиги 1 фоизига тенг, шу сабабли вертолёт шунчаки сайёра юзасида турган вақтида ҳам бу унинг учун Ердаги 30 километр баландликка тенг бўлади», — деган эди лойиҳа муаллифи.