Falcon 9 оғир элтувчи ракетаси 29 апрель, пайшанба куни Ерга яқин паст орбитага 60 та кичик сунъий йўлдошдан иборат навбатдаги партияни олиб чиқди, улар Starlink тизими интернет-қопламаси глобал тармоғини яратишни давом эттиришга мўлжалланган, деб ёзади «Интерфакс».

«Starlink сунъий йўлдошларининг орбитага чиқарилгани тасдиқланди», — дейилади SpaceX компанияси хабарида.

Парвоз Тошкент вақти билан 29 апрель куни 08:44 да Флорида штатидаги Кеннеди космик маркази старт мажмуасидан амалга оширилди. Тахминан 1 соат-у 5 дақиқадан кейин сунъий йўлдошлар белгиланган орбитага чиқарилди.

SpaceX элтувчи ракетасининг биринчи кўп мартали поғонаси (у еттинчи марта парвоз учун қўлланилмоқда) стартдан кейин 8 дақиқа-ю 37 сония ўтиб, Атлантика океанидаги Just Read the Instructions автоматик сузувчи платформага вертикал қўнишни амалга оширди.

Бу Starlink лойиҳаси доирасида 2019 йил майидан буён интернет сунъий йўлдошлари гуруҳининг 25 марта орбитага олиб чиқилишидир. Охирги сунъий йўлдошларни ҳисобга олганда, SpaceX орбитал гуруҳи 1503 та космик қурилмага эга бўлди. Компания дунёдаги энг йирик сунъий йўлдош оператори ҳисобланади. Бундан аввалги 60 та Starlink сунъий йўлдоши 7 апрелда учирилган эди.

SpaceX келажакда Ер аҳолисини сайёранинг исталган нуқтасида кенг полосали интернет билан таъминлаш имконини берувчи тўлиқ кўламли тармоқ яратиш учун 12 мингта (кейинчалик 30 мингта) космик қурилмадан иборат орбитал гуруҳни шакллантиришни режалаштирмоқда.

Компания аввалроқ сунъий йўлдошлар 2020 йилдаёқ Шимолий Американинг бутун ҳудуди интернет билан таъминланишини, 2021 йилга келиб эса, деярли бутун сайёра қамраб олинишини маълум қилган эди. Лойиҳани амалга ошириш учун киритилган инвестицияларнинг умумий қиймати 10 миллиард долларга баҳоланмоқда.