NASA (АҚШ аэронавтика ва коинотни тадқиқ этиш миллий бошқармаси)нинг Ingenuity учувчисиз вертолёти Марсда тўртинчи парвозини амалга ошира олмади, деб ёзади «РБК».

Фото: NASA

«Вертолётнинг тўртинчи парвози амалга ошмади, аммо жамоа маълумотларни таҳлил қилиб, энг яқин орада қайтадан уриниб кўрмоқчи», — дейилади NASA хабарида.

Кейинроқ NASA Ingenuity дрони 30 апрель куни қайтадан учирилишини маълум қилди.

Вертолётнинг бундан аввалги учта парвози муваффақиятли кечган, қурилма қўйилган вазифаларнинг барчасини бажарган эди.

Биринчи марта амалга оширилган 19 апрель кунги муваффақиятли синов парвози чоғида вертолёт 3 метр баландликка кўтарилган ва Марс юзаси узра 39 сония вақт ўтказган эди.

22 апрель куни Ingenuity дрони иккинчи марта муваффақиятли автоном парвозни амалга оширган эди. Ўшанда вертолёт беш метргача баландликка кўтарилди. Сайёра юзаси узра бироз муаллақ тургач, вертолёт 5 даражага оғди ва ён томонга қараб 2 метр масофага учди. Шундан сўнг у яна муаллақ турди, сўнг турли томонларга бурилиб, ўзининг рангли камераларини ишга солди. Сўнгра у қўниш учун ўз «аэродроми»га йўл олди. Бутун парвоз, тахминан, 50 сония давом этди.

Ingenuity вертолётининг учинчи парвози 25 апрель куни амалга оширилди ҳамда тезлик ва масофа бўйича ҳар қачонгидан, ҳатто Ерда олиб борилган синовлар чоғида намойиш этилган натижалардан ҳам кўра, яхшироқ кўрсаткичларга эришилди. Вертолёт иккинчи парвоздаги каби 16 фут (5 метр)га кўтарилди, сўнг 50 метр масофани учиб ўтиб (футбол майдони узунлигининг ярмидан кўпроғига тенг масофа), сониясига 6,6 фут (2 метр) максимал тезликка эришди.

Ingenuity 31 кун ишлашга мўлжалланган. У яна камида иккита парвозни амалга ошириб, марсоход атрофидаги ҳудудни аэрофотосъёмка қилиши керак.

Дроннинг диаметри 1,2 метр, оғирлиги тахминан 1,8 кг бўлиб, уни ишлаб чиқиш учун 85 миллион доллар сарфланган. У иккита камера билан жиҳозланган ва суратга олиш учун ҳавода 20-30 сония давомида муаллақ тура олади. NASA аввалроқ бундай қурилма учун асосий муаммо Марс атмосферасининг ўта сийраклигидан иборат бўлишини маълум қилганди. «Марс атмосферасининг зичлиги Ерникининг атиги 1 фоизига тенг, шу сабабли вертолёт шунчаки сайёра юзасида турган вақтида ҳам бу унинг учун Ердаги 30 км баландликка тенг бўлади», — деган эди лойиҳа муаллифи.

Ingenuity Марсга Perseverance марсоходи билан бирга етиб келган. Марсоход ортилган ракета 2020 йил июлида Флорида штатида жойлашган Канаверал бурнидаги космодромдан учирилган эди. Февралда Америка ровери Езеро кратерига бориб қўнди. Бунгача сунъий йўлдошдан олинган маълумотлар ёрдамида у ерда катта кўлга бориб қуйилган дарё ўзани излари аниқланган эди. Олимлар фикрича, кратерда ҳаёт излари сақланиб қолган бўлиши мумкин.