Пойтахтлик дижей Roger Gunn – Сарвар Пўлатов Бухородаги Минорайи калонда тасвирга олинган мусиқий клипини тақдим этди, деб ёзади «Afisha.uz».

Фото: «Afisha.uz»

Видеотасвирда замонавий мусиқа ва тарихий мерос бирлаштирилди. Дижей бу билан нафақат ўзининг истеъдодини намойиш этди, балки сайёҳлар эътиборини мамлакатнинг диққатга сазовор жойларига ҳам қаратди.

Сарварга ушбу мусиқий тўпламни яратишда Ўзбекистоннинг тарихий масканларини кўрсатиш фикри туртки бўлган. Дижейнинг сўзларига кўра, бу ҳамма учун қизиқарли бўлишига шубҳа қилмаган. Шунингдек, бу ватанининг ғайриоддий жойларини сайёҳларга намойиш этиш имкониятини беради.

«Биз жамоамиз – Аброр Исмоилов, Тим Елисеев ва Шаҳриёр Қурбоновлар ушбу ғоя билан Туризм ва спорт вазирлигига мурожаат қилдик ва ижобий жавоб олдик. Сўнгра зудлик билан йўлга чиқдик, аммо бизни бир қанча қийинчиликлар кутаётганини билмас эдик», – дейди дижей.

Мусиқий тўплам давомийлиги, тахминан, 25 дақиқани ташкил этади. Аммо тайёргарлик учун кўпроқ вақт кетган. Бундан ташқари, клипни суратга олиш жараёнида минорада кучли шамол бўлган ва натижада ишлаш қийин кечган. Ҳаттоки столни шамол учириб юборган ва дрон ҳаракатланиши осон бўлмаган.

Эслатиб ўтамиз, дижей яқинда Тошкент телеминорасида  ўз мусиқий тўпламини тақдим этган. Унинг бундан аввалги видеоси орқали мухлислар нафақат мусиқадан, балки Чимён тоғларининг гўзаллигидан ҳам баҳраманд бўлган эди.