Сардоба сув омбори фалокати юз берган кунда тонг саҳарлаб, шовқин-сурон ичида «бўл-да, бўл!» қилиб, ким тиркамада, ким аравада, ким пиёда, ким машинада номаълум манзил томон йўл олганида, эвакуация қилинганлар орасида қанча ҳомиладор аёл бўлган? Туғруқ жараёнлари қандай кечган? Туғилган болаларда фарқли жиҳатлар борми? Ҳеч ким жавоб беролмайди бу саволларга. Ҳатто кимгадир мантиқсиз туюлар бу гаплар. Ким киму, ўшанда келини, қизи, ҳомиладор бўлганларга эмас...

Тўсатдан келган сув тошқини айрим ҳолларда ҳали туғилмаган болалар келажагига ҳам таъсир қилди. Бирининг соғлиғига, бошқасининг яшаш ҳудудига. Энг қизиғи, техноген офат гўдаклар исмини ҳам белгилаб берди...

Шукрона Жасурбек қизи Ўсарова

2020 йил 12 декабрда туғилган

«Алла-ё, алла... Болагинам боласи-ё, алла!..». Ичкаридан бешик тақ-туқи билан уйқашган хиргойига ўхшаш оҳанг эшитилади. Қия очиқ эшик ортида тўхтаб қоламиз. Бола ухлайвермайди, шекилли, аёл кимнидир, афтидан, келинини чақиради. Шунда овоз берамиз...

Хайринисо опанинг ўн нафар набираси бор. Шукрона — ўнинчи набираси. Қизалоқ нимжонроқ бўлгани учун унга кўпроқ ўзи қарайди. Доктордан докторга олиб юриб, айтган дори-дармонларнинг барини қилганиданми, тўрт ой деганда гўдак тетиклашганига шукрлар қилади. Опа боланинг нимжонлигини онасининг ҳомиладорлик даврида қийналгани асорати деб билади.

— Қочиш пайтида қўрққан бўлиши мумкин. Боғчаларда турдик, ижара уйда юрдик, кейин қариндошларникида ҳам яшадик. Келиним коронавируснинг енгил тури билан ҳам оғриди. Ўзимиз ҳам. Шунинг асоратими, онаси қийналгани учун боласи ҳам қийналиб туғилди. Болада «черепной давления» бор дейишди, юрагига ҳам дорилар ёзиб беришди. Ҳар 10 кунда қаратиб, дори-дармонларини бериб турибмиз. Худога шукур, анча яхши. Шу вақтгача бешикка ҳам солмаган эдик. Врачлар энди бешикка ётқизаверсангиз бўлади дейишди, — дейди суҳбатдошимиз.

Шукрона Ўсарова.

Фото: «Дарё» / Шаҳбоз Темиров

Опанинг айтишича, газ, «свет»и бор уйда бола катта қилиш осонроқ. Шукронанинг шумтака акаси учун бу жуда муҳим деб ҳисоблайди аёл. Хайринисо опа тошқиндан сўнг берилган бу уйга кўчиб кирган кунини катта шодиёна деб билади, бу ҳақда гапираётганда юзида табассум пайдо бўлади.

— Талафотлардан чиқиб, мана шу янги уйларга кўчиб кирдик, Худога шукур. Президентга, давлатимизга раҳмат, шундай уйларни қуриб берди. Шундай оғир кунларда бизларни қўллаб-қувватлаган барчага раҳмат, — деб Хайринисо опа яна қўшиб қўяди. — Шу уйга киришимиз билан бу неварам туғилди, шунинг учун исмини Шукрона қўйганмиз. Оғир кунларимиз ортда қолганига шукр»

Шукрона Ойбек қизи Абдусаломова

2020 йил 15 ноябрда туғилган

«Шарқ – нозик масала» дейдилар Ғарбда. Зеро Шарқнинг, хусусан, биз яшаётган ҳудудида халқ бошидан кечирган ҳар воқеа қўшиқлар, мақоллар, тасвирларда у ёки бу тарзда намоён бўлади. Исмлар ҳам бундан мустасно эмас. Хайринисо опа яшайдиган Сардоба туманининг биргина «Дўстлик» маҳалласида тошқиндан сўнг туғилган камида уч нафар Шукронани учратдик.

Сардоба сув омбори офати фақат Сардоба эмас, балки Мирзаобод ва Оқолтин туманларига ҳам жиддий зарар етказган. Мирзаободдаги хонадонлардан бирининг бекаси Рихсихон опа оиладаги кенжа қизалоқ энг катта овунчоғи эканлигини гапирар экан, у ҳам аввалги суҳбатдошимизнинг фикрларини такрорлайди, тасдиқлади.

Шукрона Абдусаломова бувиси Рихсихон Ўсарова билан.

Фото: «Дарё» / Шаҳбоз Темиров

— Тошқинлардан қутулдик деб, отаси Шукрона дея исм қўйди. Сув келганда ўзимниям ўйламай, фақат шулар учун ташвишландим. Ўша кунларни эсласак, ҳали ҳам юрагимиз оғрийди. Худога шукур, жонимиз омон қолди, — дейди онахон қисқагина қилиб.

Рихсихон опанинг овсини Ҳайитгул Ўсарова гапга чечанроқ. Унинг оиласида ўз неваралари қаторида Шукронахонни ҳам яхши кўриб, эркалашларини айтади.

— Бу тошқиндан кейин туғилган неварамиз, қайнукамнинг невараси, беш ойлик. Шу кунларнинг шукронаси деб Шукрона деб исм қўйдик. Яхши кунларга етганимизда туғилди. Шукрона десак ўша кунлар барибир эсимизга келаверади. Илоҳим, биз кўрган кунларни булар кўрмасин!

Шукрона Абдусаломова бувисининг овсини Ҳайитгул Ўсарова билан.

Фото: «Дарё» / Шаҳбоз Темиров

Яқинда Ҳайитгул опанинг қудаси — катта келинининг укаси ҳам қизлик бўлган. Ҳали беш-олти кунлик чақалоқ экан, унга ҳам Шукрона деб исм қўйишибди. Айтишларича, бу ерларда Шукроналар жуда кўпайиб кетган. «Тошқиндан кейин туғилганларнинг ҳаммаси — Шукрона. Ҳали бизда ўғил бола туғилмагани учун, билмадим, уларга қандай исм қўйишяпти экан. Битта синфдаги қизларнинг бари Шукроналар бўлмаса эди ҳали», — дея бир қувонади опа.

Халосбой Дилмурод ўғли Убайдуллаев

2020 йил 29 майда туғилган

Бахтиёр бувижонларнинг яна бири — Жамила Ҳусанбоева ўша ваҳимали кунда ой-куни яқин келинини Жиззахга олиб кетаётиб, қандай хавотир олганини эслайди.

— Эрталаб турсак, сув тошқини хабари келди. Нима қилишни билмай қолдик. Ҳеч нарсага қарамай қочдик. Ҳамма нима ғамда-ю, мен келиним қўрққанидан йўлда туғиб қўйса нима қиламан дердим. Бу тошқин сарсонгарчилиги бирпасда ўтиб кетса керак, ҳали тезда уйга қайтамиз, деб ўйлабмиз. Бунчалик бўлиши хаёлимизга ҳам келмаганди. Тошқиндан қочиб, уёқ-буёқларда юрдик. Жиззахнинг Пахтакор туманига бориб, ижарага уй топиб, яшадик.

Аёл уйидан узоқдаги ўй-хаёллар таъсириданми, сув балосидан қутулганлари учун қиз туғилса, Шукрона деб исм қўямиз, деб ният қилган экан. Тошқиндан 28 кун ўтиб келини ўғил туғган. Жамила опанинг қайнотаси оила балодан халос бўлгани учун чақалоққа Халос деб исм қўйган. Қизиғи, Жамила опанинг ўз отасининг исми ҳам Халос экан.

Халосбой Убайдуллаев.

Фото: «Дарё» / Шаҳбоз Темиров

«Шунинг учун янгам бошида бироз иккиландилар ҳам», дейди қайнукаси. «Неварамни кўриб, хурсандлигимиздан, бошимиздан кечирганларимиз ҳам эсимиздан чиқди. Энди буни ўзим нима деб чақиришни ҳам билмайман, бобожон деб эркалайман», — дейди опа.

Бу оиланинг уйи цементдан қурилгани учун тошқин вақти буткул вайрон бўлмаган. Шунинг учун улар таъмирлаб берилган уйларига сентябрь ойида қайтган.

Шукрона Тоҳирбек қизи Темирова

2020 йил 20 июнда туғилган

Инсультдан сўнг икки йилдан бери тўшакка михланиб қолган Мақсуда Тувалова неварасига Шукрона деб исм қўяётганида нималарни хаёлидан кечирган? Бир йил аввал тошқин вақти болаларига уни ташлаб, ўзлари қочишларини сўраган лаҳзаларнимикин? «Совхоздан бекатгагача етаклаб чиқишди. 5 майда келиним шифохонага тушди. Шундан сўнг қизи туғилгунча ётди-да. Уйга келади икки-уч кунга. Яна мазаси бўлмай қайтиб кетаверади. Булар стрессга тушиб қолди-да», — дейди онахон.

Шукрона Темирова онаси Сарвиноз Тувалова билан.

Фото: «Дарё» / Шаҳбоз Темиров

Янги қурилган кўп қаватли уйнинг 1-қаватидан берилган уй, кўрсатилган ёрдам учун аёл президентдан, давлатдан, ҳомийлардан миннатдор.

— Шукр, президентимиз телевизор, холодилник берди — буларимиз ҳам йўқ эди. Шу менга эрмак, бир жойга ётиб қолган одамга қийин. Берган 40 миллиони даволанишга кетди. Давлат икки ойгача озиқ-овқат бериб турди, яхши инсонлар ёрдам қилишди, — дейди Мақсуда опа.

Айтишича, у ётган каравот қўшнидан вақтинчага деб олинган экан. Ўзининг каравоти-ю кўрпачалари, бошқа анжомлари оқиб кетган. Ана шундай шароитда улғаяётган Шукрона Темировага онасининг сути етмайди. Гоҳида «каша» (бўтқа) олишга қийналишларини яширишмади.

Ишониш қийин, лекин бу факт:

Давлат хизматлари агентлигининг Сирдарё вилояти бошқармасидан «Дарё»га маълум қилишларича, Сардоба фалокатидан олдинги бир йилда — 2019 йил 1 майидан 2020 йил 1 майигача бўлган даврда Сардоба туманида 12 нафар, Оқолтин туманида 14 нафар ва Мирзаобод туманида 8 нафар — жами 34 қизалоққа Шукрона деб исм қўйилган. Тошқиндан кейинги бир йилда Сардобада 17 нафар, Оқолтинда 33 нафар ва Мирзаободда 15 нафар — жами 65 нафар қизга Шукрона деб исм қўйилган. «Ўғил болаларга асосан Муҳаммадали, Муҳаммадзиё, Абдуллоҳ исмлари қўйилган, Шукрулло ва Шукр исмлари учрамади», — дейилади ДХА Сирдарё вилояти бошқармаси Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар шўъбаси ахборотида.

Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманлари Сардоба тошқинидан энг кўп жабр кўрган ҳудудлардир.

Айтишларича, тошқин куни руҳан азият чеккан айрим аёлларнинг чақалоқлари туғилганидан кейин кўп ўтмай вафот этгани, ҳомила тушиш ҳолатлари бўлгани ҳақида ҳам гап-сўзлар бор.

Муаллифлар: Мустаҳкам Тангриёрова, Мусулмонбек Иброҳимов

Суҳбатларни матнга кўчирди: Миролим Исажонов

Муҳаррирлар: Чарос Низомиддинова, Асрор Абдуназаров