SpaceX компанияси NASA билан шартнома доирасида Халқаро коинот станциясига ўзининг биринчи мунтазам миссиясини муваффақиятли якунлади, деб ёзади Meduza.

Фото: NASA

2 майга ўтар кечаси Crew Dragon-1 космик кемаси ХКСдан чиқиб, олти ярим соатдан кейин Флорида қирғоқлари яқинига, Мексика кўрфазига қўнди.

Тўрт нафар астронавт ўтирган туширилувчи капсула Тошкент вақти билан 11:57 да сувга тушди. Сўнг уни Go Navigator қидирув-қутқарув кемаси ўз бортига чиқариб олди.

Қўниш жараёнининг тўғридан-тўғри трансляцияси NASA YouTube каналида олиб борилди. Муассаса қайд этишича, бу Америка космик кемасининг 1968 йил декабридаги Apollo саккизинчи миссиясидан буён биринчи тунги қўнишидир.

Миссияда уч нафар америкалик астронавт — Майкл Ҳопкинс, Виктор Гловер ва Шеннон Уокер, шунингдек, япониялик астронавт Соити Ногути қатнашди. Crew Dragon-1 экипажи ХКСга 2020 йил ноябрида етиб бориб, у ерда ярим йил давомида бўлди.

24 апрель куни эса ХКСга SpaceX’нинг бошқа кемаси — Crew Dragon-2 туташган эди. Унинг бортида NASA астронавтлари Меган Макартур ва Шейн Кимбро, Европа космик агентлиги астронавти Томас Пески ва Япония аэрокосмик тадқиқотлар агентлиги астронавти Акихико Хосиде бор эди. Улар станцияда олти ойча бўлади.