Профессионал бокснинг супер ўрта вазн (-76,2 кг) тоифасида рингга чиқаётган ўзбекистонлик Бектемир Мелиқўзиев (7-0, 6 КО) антидопинг қоидаларини бузганлиги боис тўрт йил муддатга дисквалификация қилинди. Бу ҳақда Халқаро бокс федерациясига (AIBA) таяниб, Ўзбекистон миллий антидопинг агентлиги маълум қилди.

Фото: Instagram

Спортчи 2020 йил 16 февралдан бошлаб 2024 йил 15 февралга қадар барча спорт мусобақаларида (миллий ва халқаро чемпионатлар, Олимпия ва бошқа турнирлар) иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Шунингдек, унинг 2020 йил 16 февралдан кейинги барча натижалари ва медаллари бекор қилинди.

Таъкидлаш керак, ушбу тақиқ ҳаваскор бокс мусобақалари учун амал қилади, яъни Мелиқўзиев Халқаро профессионал бокс ташкилоти тақиқ қўймагунга қадар профессионал боксдаги фаолиятини давом эттириши мумкин. Агар рухсат тегадиган бўлса, дисквалификацияси тугагунга қадар фақатгина профессионал боксда жанг ўтказиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, дастлаб Бектемирдан олинган допинг тестидан фуросемид тақиқланган моддаси аниқланган бўлиб, у 2018 йил 28 февралдан бошлаб 2020 йил 27 февралгача 2 йиллик дисквалификация билан жазоланганди. Айтилишича Бектемир кейинчалик ҳам икки бор антидопинг қоидаларини бузган. Яъни спортчи белгиланган вақтда допинг назоратидан ўтмагани учун жазо чоралари кучайтирилган.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!