Ўзбекистон товар-хом ашё биржасида 26 апрель – 2 май кунлари 1,817 триллион сўмлик товарлар сотилган бўлиб, бу аввалги ҳафтага нисбатан 10,7 фоизга кўп ҳисобланади. Мазкур даврда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 770,5 миллиард сўмни ташкил қилди. Бу ҳақда биржа матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Маълум қилинишича, ўтган ҳафтада биржа савдоларига 8047 тонна пахта ёғи қўйилган бўлиб, шундан 6902 тоннаси, яъни 85,8 фоиз ҳажмдаги пахта ёғи сотилган. Электрон савдоларда иштирок этган харидорларнинг ўртача кунлик сони 130 кишини ташкил этган.

Кўриб чиқилаётган даврда барча навли пахта ёғининг кунлик ўртача нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 15,004 миллион сўмдан 17,228 миллион сўмгача, яъни 14,8 фоизга кўтарилган. Ҳафта якунларига кўра 1-навли пахта ёғининг ҳафталик котировкаси маҳсулотни бир тоннаси учун 16,310 миллион сўмни ташкил этди.

Шунингдек, ўтган ҳафтада сотувчи корхоналар автомобиль бензинининг биржадаги бошланғич нархларини оширган. Биржа савдоларига 38 599 тонна Аи-80 маркали автомобиль бензини қўйилган ва унинг 12 292 тоннаси, яъни 31,8 фоизи сотилган. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 34 харидор иштирок этган.

Кўриб чиқилаётган даврда сотувчи корхоналар Аи-80 маркали автомобиль бензинининг ўртача бошланғич нархини маҳсулотнинг бир тоннаси учун 6,361 миллион сўмдан 6,474 миллион сўмгача ёки 1,8 фоизга кўтарилди. Шу муносабат билан, Аи-80 маркали автомобиль бензиннинг ўртача кунлик нархи ҳам мос тарзда 6,362 миллион сўмдан 6,475 миллион сўмгача, яъни 1,8 фоизга, яъни сотувчиларнинг бошланғич нархларини кўтариши ҳисобига ўсган.

Кўриб чиқилаётган даврда Аи-80 русумли автомобиль бензиннинг ўртача ҳафталик котировкаси 6,468 миллион сўмни, Аи-91 — 7,723 миллион сўмни ташкил этди.

Эслатиб ўтамиз, «Ички истеъмол бозорини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳукумат қарорида 2021 йилда меъёр бўйича икки ойлик эҳтиёж доирасида Ўзбекистонга 64 минг тонна шакар импорт асосида келтирилиши назарда тутилган.