Ўзбекистонда «Реклама тўғрисида»ги янги қонун лойиҳаси билан мобил алоқа тармоғи орқали реклама тарқатилишига фақат истеъмолчининг розилиги билан йўл қўйилиши кўзда тутилмоқда.

Фото: «Дарё»

Ушбу ҳужжат Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 4 май куни ўтказилган навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди. Мажлисда депутатлар қонун лойиҳасини такомиллаштиришда Интернет ва ташқи реклама фаолиятини тартибга солинишга алоҳида эътибор қаратган.

Мажлисда қайд этилишича, бугунги кунда реклама турлари ичида энг тез тарқалаётган ҳамда тартибга солиш жиҳатидан энг мураккаби интернет рекламаси ҳисобланади. Депутатлар интернет рекламани тартибга солиш учун қонунчиликка интернет реклама тушунчасини киритиш, миллий қонунчиликнинг татбиқ этиладиган ҳудудини аниқлаш, Ўзбекистонда интернет рекламани жойлаштиришни тартибга солиш механизмини аниқлаб олиш таклифларини киритди.

Шунингдек, депутатлар «Реклама тўғрисида»ги қонун лойиҳаси қабул қилиниши муносабати билан пайдо бўлиши кутилаётган қонуности ҳужжатларда, хусусан рекламанинг жойи, ҳажми, ташқи реклама конструкцияларига бўлган талаблар белгиланадиган низом ва йўриқномалар албатта соҳа мутахассислари, экспертлик хулосалари асосида ишлаб чиқилиши шартлигини таъкидлаб ўтган.

Аввалроқ Ўзбекистонда дорини таниқли шахс ёки тиббиёт ходими орқали реклама қилиш, шунингдек, таркибида шакар, туз ва ёғ миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари рекламаси тақиқланиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.