Ўзбекистонда «Реклама тўғрисида»ги янги қонун билан таркибида шакар, туз ва ёғ миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини реклама қилишни тақиқлаш кўзда тутилмоқда.

Ушбу қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 4 май куни ўтказилган навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевнинг 30 октябрдаги «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан Вазирлар Маҳкамасига уч ой муддатда туз, қанд ва ёғ миқдори меъёридан ортиқ бўлган озиқ-овқат маҳсулотларининг рекламасига қуйидаги чекловлар ўрнатишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш юклатилганди:

  • таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт муассасалари ҳудудида ҳамда жамоат транспортида реклама қилиш;
  • болалар, анимацион персонажлар ва болалар кўрсатувлари қаҳрамонлари иштирокида реклама қилиш;
  • оммавий ахборот воситаларида болалар учун мўлжалланган кўрсатувлардан 30 дақиқа олдин ва кейин намойиш қилиш.

Ўзбекистонда 2021 йил 1 июлдан туз, шакар ва ёғ миқдори юқори бўлган маҳсулотлар, шунингдек, соғлиқ учун зарарли бошқа қўшимчалар мавжуд маҳсулотларни маркировка қилиш жорий этилади.