SpaceX компанияси томонидан Ойга ва Марсга парвозлар учун ишлаб чиқилган Starship SN15 космик кемаси прототипи Техас штатидаги синов парвозлари якунида биринчи марта муваффақиятли қўнишни амалга оширди, деб ёзади «РБК».

Фото: Reuters

«Starship нормал қўнишни амалга оширди», — деб ёзди SpaceX раҳбари Илон Маск Twitter’да.

Starship Техас штатининг Бока-Чика қишлоғи яқинидан Тошкент вақти билан 6 май 03:24 да старт олди. Кема тахминан 10 км баландликка кўтарилиб, сўнг майдончага қайтиб қўнди.

Март охирида ўтказилган бундан аввалги синовлар чоғида кеманинг SN11 прототипи суборбитал парвоздан кейин вертикал қўнишга бир дақиқа қолганида портлаб кетган эди.

Starship’нинг саккизинчи ва тўққизинчи прототиплари 2020 йил декабрида ва 2021 йил февралида синов парвозлари чоғида қўниш пайтида портлаб кетган эди.

Starship SN10 (ўнинчи серияли синов қурилмаси) эса 4 март куни учирилди. Ўшанда SpaceX парвоз синовлари пайтида биринчи марта Starship прототипини қўндиришга муваффақ бўлди. Лекин у қўнганидан кейин 7 дақиқа ўтиб портлаб кетди.

Апрель охирида SpaceX раҳбари SN15 прототипида «юзлаб конструктив мукаммаллаштиришлар» амалга оширилганини маълум қилган эди.

Starship элтувчи ракетаси Марсг ава Ойга юкларни етказиш учун мўлжалланган бўлиб, ўз ичига 100 кишини сиғдира олади. 2020 йил декабрида Маск унинг компанияси 2026 йилда Марсга одамларни юборишига ишонч билдирган, «агар омадимиз чопса, балки тўрт йилдан кейин ҳам бўлиши мумкин», — деган эди.