Тошкентда қуввати тугаганини айтиб, ишламаётган бодикамера билан текширув ўтказган ЙПХ ходими ва унинг бевосита раҳбарларига нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилди. Бу ҳақда ЙҲХББ матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Дарё»

Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқда «Бодикамераси ишламаётган ЙПХ ходими» сарлавҳаси остида тарқалган видеолавҳа тарқалган. Унда 25 апрель куни соат 14:00 ларда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ ходими А.Акбаров томонидан Сергели тумани ҳудудида жойлашган «Турбанов» блокпостида тегишли меъёрий ҳужжатларини текшириш мақсадида Malibu ҳайдовчиси тўхтатилган.

Видеолавҳада ЙПХ ходими томонидан ҳайдовчига бодикамера мосламасининг қуввати тугаганлиги айтилган ва бу ҳолатга ҳайдовчи эътироз билдирган.

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан хизмат текшируви ўтказилган.

Текширув хулосасига кўра, хизмати давомида «Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида»ги низом ҳамда ички ишлар вазирининг айрим меъёрий буйруқлари талабларини бузганлиги учун Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ ходими А.Акбаровга ва унинг бевосита раҳбарларига нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилган.

Аввалроқ Тошкент вилоятида ЙПХ инспекторига қаршилик кўрсатган Malibu ҳайдовчиси 5 суткага, Damas ҳайдовчиси эса 10 суткага қамалгани ҳақида хабар берилган эди.