Ingenuity вертолёт дрони Марснинг сийрак атмосферасида бешинчи парвозини амалга оширди ва сайёра юзасида биринчи марта бошқа жойга учиб ўтди, деб ёзади Meduza NASA’га таяниб.

Парвоз 7 май куни амалга оширилди. У Тошкент вақти билан 8 май куни соат 00:26 да бошланиб, 108 сония давом этди. Ingenuity жануб йўналишида 129 метр учиб ўтиб, ўзи учун рекорд ҳисобланган 10 метр баландликка кўтарилди ва қўнишидан аввал рангли фотосуратларни қайд этди. Бундан олдинги тўртта парвозини дрон старт жойида амалга оширган эди.

Февралдан буён Марсни тадқиқ қилиб келаётган Perseverance марсоходи Ingenuity дронини унинг бешинчи парвози чоғида суратга олди.

Шунингдек, NASA хабар беришича, Ingenuity’нинг 30 апрелдаги тўртинчи парвози чоғида Perseverance ровери биринчи марта дрон парракларининг товушини аудиоёзув сифатида қайд этган. Мутахассислар сайёрадаги сийрак атмосфера туфайли аудиоёзув муваффақиятли чиқмаслигидан хавотирланган эди. «Бу жуда яхши сюрприз бўлди… Бу бизнинг Марс атмосферасини тушунишимиз учун зарур манба бўлиб хизмат қилади», — деди Франциянинг ISAE-Supaero университети профессори Давид Мимун.

Ingenuity вертолётли дрони — Марсни ўрганиш тарихидаги биринчи атмосферада учувчи қурилма. У сайёрага февраль ойида Perseverance ровери билан бирга етиб борган эди. Ўзининг илк парвозини Ingenuity 19 апрель куни амалга ошириб, уч метр баландликка кўтарилган ва Марс юзаси узра 39 сония вақт ўтказган эди.

22 апрель куни Ingenuity дрони иккинчи марта муваффақиятли автоном парвозни амалга оширган эди. Ўшанда вертолёт беш метргача баландликка кўтарилди. Сайёра юзаси узра бироз муаллақ тургач, вертолёт 5 даражага оғди ва ён томонга қараб 2 метр масофага учди. Шундан сўнг у яна муаллақ турди, сўнг турли томонларга бурилиб, ўзининг рангли камераларини ишга солди. Сўнгра у қўниш учун ўз «аэродроми»га йўл олди. Бутун парвоз, тахминан, 50 сония давом этди.

Ingenuity вертолётининг учинчи парвози 25 апрель куни амалга оширилди ҳамда тезлик ва масофа бўйича ҳар қачонгидан, ҳатто Ерда олиб борилган синовлар чоғида намойиш этилган натижалардан ҳам кўра, яхшироқ кўрсаткичларга эришилди. Вертолёт иккинчи парвоздаги каби 16 фут (5 метр)га кўтарилди, сўнг 50 метр масофани учиб ўтиб (футбол майдони узунлигининг ярмидан кўпроғига тенг масофа), сониясига 6,6 фут (2 метр) максимал тезликка эришди.

29 апрель куни эса дроннинг тўртинчи парвози муваффақиятсиз якунланди. Аммо бир кун ўтиб, қайтадан амалга оширилган уриниш муваффақиятли кечди. NASA вертолёт аввалгиларидан каттароқ тезликда ва кўпроқ масофага учганини ҳамда сайёрани янада кўпроқ суратга олганини маълум қилди.

Ingenuity 31 кун ишлашга мўлжалланган. У яна камида иккита парвозни амалга ошириб, марсоход атрофидаги ҳудудни аэрофотосъёмка қилиши керак.

Дроннинг диаметри 1,2 метр, оғирлиги, тахминан, 1,8 кг бўлиб, уни ишлаб чиқиш учун 85 миллион доллар сарфланган. У иккита камера билан жиҳозланган ва суратга олиш учун ҳавода 20—30 сония давомида муаллақ тура олади. NASA аввалроқ бундай қурилма учун асосий муаммо Марс атмосферасининг ўта сийраклигидан иборат бўлишини маълум қилганди. «Марс атмосферасининг зичлиги Ерникининг атиги 1 фоизига тенг, шу сабабли вертолёт шунчаки сайёра юзасида турган вақтида ҳам бу унинг учун Ердаги 30 километр баландликка тенг бўлади», — деган эди лойиҳа муаллифи.

Ingenuity Марсга Perseverance марсоходи билан бирга етиб келган. Марсоход ортилган ракета 2020 йил июлида Флорида штатида жойлашган Канаверал бурнидаги космодромдан учирилган эди. Февралда Америка ровери Езеро кратерига бориб қўнди. Бунгача сунъий йўлдошдан олинган маълумотлар ёрдамида у ерда катта кўлга бориб қуйилган дарё ўзани излари аниқланган эди. Олимлар фикрича, кратерда ҳаёт излари сақланиб қолган бўлиши мумкин.