Апрель ойида Хитойнинг бўлғуси космик станциясининг асосий модулини Ерга яқин орбитага олиб чиққан «Катта марш-5» (Long March 5b, «Чанжчэн-5») элтувчи ракетаси поғонасининг бўлаклари Ҳинд океанига қулаб тушди, деб ёзади «РБК» Хитой бошқарилувчи космик техника бошқармасига таяниб.

Ракетанинг 2021 йил, апрелдаги учирилиши

Фото: EPA

Бўлаклар Тошкент вақти билан соат 07:24 да Ер атмосферасига кирган. Бошқарма тақдим этган координаталарга мувофиқ, улар Ҳинд океанининг Мальдив ороллари яқинидаги қисмига бориб тушган. Бўлакларнинг катта қисми Ер атмосферасига киришда ёниб кетган.

«Тяньхэ» базавий модули («Осмон гармонияси») ракетаси Хайнань провинциясидаги Вэньчан космодромидан 29 апрель куни маҳаллий вақт билан соат 11:23 да (Тошкент вақти билан соат 08:23 да) учирилган эди.

Ғарб космик агентликлари ракетанинг қарийб 18 тонналик иккинчи поғонаси орбитадан назоратсиз тарзда тушаётгани ва бўлаклар аҳоли яшайдиган ҳудудларга тушиши мумкинлиги ҳақида хулосага келди. «Шуниси аниқки, Хитой бўлакларнинг қулаши билан боғлиқ масъулият стандартларига риоя қилмайди», — деган эди NASA вакили. Хитой, ўз навбатида, вазият штат доирасида эканини таъкидлади.

Иккинчи поғонанинг тушишини NASA, АҚШ Қуролли Кучлари Коинот қўмондонлиги, «Роскосмос» ва дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги бошқа шунга ўхшаш тузилмалар кузатиб борди.

Хитой космик станциясининг базавий модули келажакда космонавтлар олти ойгача яшаши мумкин бўлган космик станциянинг бир қисми ҳисобланади. Станциянинг қолган қисмларини ўрнатиш учун яна 10 та мана шундай парвоз талаб этилади. Орбитага иккита лаборатория модули, тўртта юк ташувчи ва тайконавтлар билан бошқариладиган тўртта кема юборилади. Учувчисиз бўлган биринчи парвозни июнь ойида амалга ошириш режалаштирилган.

Агар миссия муваффақиятли амалга оширилса, Хитой космик станцияси Халқаро космик станция ва «Тинчлик» станциясидан кейин дунёдаги учинчи кўп модулли станцияга айланади.

Маълумот учун: Ракета поғонаси — механик тарзда бирлаштирилган бир нечта ракетадан иборат кўп поғонали ракетанинг бир қисми. Поғоналар парвоз чоғида ажралиб чиқади.

Ижтимоий тармоқларда ракета бўлакларининг қулаши акс этган видеолар пайдо бўлди.