Ўзбекистон аҳолиси 10 май куни ноёб табиат ҳодисаси — Қуёш галосига гувоҳ бўлди. Ижтимоий тармоқларда Фарғона, Андижон, Наманган осмонида Қуёш атрофида камалакка ўхшаш ҳалқа кўринаётгани акс этган сурат ва видеолар тарқалди.

Фото: Видеодан кадр

Бу каби оптик ҳодисалар камёб ҳолат ҳисобланиб, илмий тилда гало деб аталади. Асосан муз кристалларидан ташкил топган пацимон қатламли баланд булутларда ёруғликнинг синиши ва қайтиши натижасида рўй беради. Гало кўпинча ёруғ рангдор доира, доира ёйи, ёруғ устунчалар, доғлар ва бошқа шаклларда Қуёш ёки Ой атрофида кузатилади. Ҳодисанинг шакли ва ёрқинлиги кристалларнинг жойлашишига боғлиқ.

Бундан аввал, 6 апрель куни кечаси Андижон ва Наманган вилоятлари аҳолиси  Ўзбекистон осмонида ёрқин чақноққа гувоҳ бўлганди. Ўзбекистон Фанлар академиясининг Улуғбек номидаги Астрономия институти директори ўринбосари Юсуфжон Тиллаев бу космик чиқинди, яъни космик кеманинг ўз вазифасини бажариб бўлган қисми ёки космик жисм, астероид парчаси бўлиб, болид кўринишида намоён бўлди, дея тахмин қилганди.