Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида ЙПХ ходимлари талабига бўйсунмай қочиб кетган Cobalt ҳайдовчиси ва унга ёрдам берган икки фуқаро жазоланди. Бу ҳақда ЙҲХББ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 24 март куни Шароф Рашидов тумани ҳудудидан ўтган 4Р35 Жиззах—Гагарин йўлида Cobalt’да ҳаракатланиб кетаётган ҳайдовчига ЙПХ инспектори тўхташ ишорасини кўрсатганда ҳайдовчи тўхтамасдан ҳаракатни давом эттирган.

Унинг орқасидан кузатиб келаётган ЙПХ ходимидан қутулиш мақсадида ўртоқларига қўнғироқ қилиб, ёрдам сўраган. Ўртоқлари дарҳол етиб келиб, ЙПХ машинаси қоидабузарнинг машинасига етиб келишига халақит берган ва бу вазиятдан фойдаланган Cobalt қочиб кетган.

Хабарда айтилишича, улар аввал ҳам шундай қоидабузарлик содир этиб, жазоланган бўлган. Ҳолат юзасидан икки қоидабузарга 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Шунингдек, яна бир ҳайдовчи биринчи марта шундай ҳуқуқбузарлик содир этганлиги ва чин кўнгилдан пушаймонлигини инобатга олган ҳолда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 128-моддаси (ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиши, йўл белгилари ва йўл ҳаракатининг бошқа қоидалари талабларига риоя этмаслиги) билан БҲМнинг 5 баравари (1 миллион 225 минг сўм) миқдорида жарима жазоси белгиланган.