Хитой аҳолиси 2020 йилда 0,83 фоизга кўпайиб, 1 миллиард 411 миллион 780 минг кишини ташкил этди. 2010 йилга таққослаганда аҳоли сони 72 миллионга кўпайди. Бу ҳақда Хитой Давлат статистика бошқармасининг сайтида эълон қилинган маълумотларга таяниб «РБК» хабар берди.

Фото: Google Images

2020 йилнинг 10 декабрь куни Хитой тарихида еттинчи марта мамлакат аҳолиси рўйхатдан ўтказилди.

«Мамлакат аҳолиси сони 1 миллиард 411 миллион 780 минг кишига етди, бу 2010 йилдаги 1 миллиард 339 миллион 720 минг кишига таққослаганда, 72,06 миллионга кўпроқ бўлиб (олтинчи рўйхатдан ўтиш маълумотлари), аҳоли сонининг ўсиши 5,38 фоизни ташкил қилди», — дейилади ҳисоботда.

Аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, Хитойда, тахминан, 723,34 миллион эркак ва 688,44 миллион аёл яшайди. Аҳолининг, тахминан, 63,35 фоизини 15 ёшдан 59 ёшгача бўлганлар, 18,7 фоизини 60 ёшдан ошганлар, 17,95 фоизини эса 14 ёшгача бўлганлар ташкил этади.

Хитойликларнинг шаҳарда истиқомат қилувчилари улуши 63,89 фоиз етиб, бу кўрсаткич 2010 йилга таққослаганда 14,21 фоизга ўсган. Мамлакат аҳолисининг 91,11 фоизи ханлар (хитойликлар), 8,89 фоизи бошқа миллат вакилларидан иборат.

Маълумотларга кўра, аҳолининг ўртача йиллик ўсиш суръати 0,53 фоизни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2000—2010 йилларга нисбатан 0,04 фоизга камроқ ҳисобланади.

Аввалроқ Хитой Миллий статистика бюроси 2019 йилда Хитойнинг туғилиш коэффициэнти ҳар 1000 кишига ўртача 10,48 нафардан бола тўғри келганини маълум қилган эди. БМТ маълумотларига кўра, бу 1949 йилда Хитойнинг ташкил этилганидан буён мамлакатда аҳоли сони ўсишининг энг паст кўрсаткичи ҳисобланади.

Reuters агентлигининг хабар беришича, ижтимоий омиллар туфайли Хитой аҳолисининг ўсиш суръати пасаймоқда. «Кўплаб ёш жуфтликлар фарзанд кўришни хоҳламайди, чунки уларнинг қиммат уй-жой билан бир қаторда, тиббий хизмат ва таълим учун пул тўлашга қурби етмайди», — деб изоҳ беради агентлик.

Аввалроқ дунёда эгизаклар туғилиши даражаси энг юқори чўққига чиққани ҳақида хабар берилди. Тадқиқот натижаларига кўра, дунё бўйича эгизакларнинг туғилиш миқдори ҳар 1000 та туғилишга нисбатан ўртача 9 тадан 12 тагача ошган, лекин бу кўрсаткич ҳар бир давлатда бир-биридан фарқ қилади. Энг катта ўсиш Шимолий Америкада (71 фоиз), Европада (60 фоиз), ва Осиёда (32 фоиз) кузатилган.