Митти автомобиллар ишқибози бўлган Жеймс Скуддер улардан бирини «катталар учун мўлжалланган» транспорт воситасига айлантиришга қарор қилди ва буни уддалади: «подвеска» ва бош қўйгичи йўқ ўйинчоқ родстерга Буюк Британиядаги умумий йўлларда ҳаракатланишга рухсат берилган, деб ёзади Motor.

Фото: Car Throttle

Скуддер томонидан қайта ишлов берилган пластик электрокар RiiRoo Super Sport XL модели бўлиб, у ташқи кўриниши жиҳатидан Porsche Boxter’га ўхшаб кетади ва болалар машинаси бўлишига қарамай, кўплаб функцияларга эга. Хусусан, унда пневматик шиналар, бош оптика, стоп-сигналлар ва бурилиш чироқлари, очиладиган эшиклар ва ҳатто аудиотизим мавжуд.

Бироқ моделнинг «подвеска»си умуман йўқ, шу сабабли уни шаҳар йўлларида ҳайдаш анча мураккаб. Ўлчамининг кичиклиги ҳамда митти ўриндиқ, шунингдек, кўркам антиқанот машинанинг манёврчанлигини янада қийинлаштиради.

RiiRoo Super Sport XL’га 180 ватт энергияни тақдим этувчи 12 волтли моторча ўрнатилган. Скуддер уни 650 ваттли двигателга алмаштирган бўлиб, унинг ёрдамида машина соатига 35,4 километр тезликда ҳаракатлана олади. Бундан ташқари, родстерга қўшимча батарея ҳам ўрнатилган бўлиб, унинг ёрдамида бир марта қувватланиш орқали машина 6,4 километр йўл боса олади.

Фото: Car Throttle

Хавфсизлик камари, бош қўйгич ва бошқа ҳимояларсиз машинага қандай қилиб оддий йўлларда ҳаракатланишга рухсат берилгани номаълум. The Drive нашрининг тахминича, родстер автомобилларнинг базавий индивидуал текширувидан ўтган.

Аввалроқ британиялик блогер Мэтт Дентон пластик эҳтиёт қисмлардан дунёга машҳур Lego конструктори услубида яратилган янги пойга машинаси версиясини ясаганди. Муҳандис 3D-принтерда чоп этилган ўзининг транспорт воситасини соатига 50 километр тезликда ҳайдашга муваффақ бўлган.