Йиллар ҳамма қатори юлдузларнинг ташқи кўринишига ҳам таъсир қилмай қолмайди. Уларнинг карьерасини бошлагандаги ва ҳозирги фотолари солиштирилса, бунга амин бўлиш мумкин.

Бред Питт

Фото: AdMe

Голливуд юлдузи илк бор 1988 йилда «Қуёшнинг қоронғи томони» фильмида суратга тушган. Унда камёб касалликдан азият чекадиган қаҳрамонни гавдалантирган. 2004 йилда эса «Троя»да Ахилласни гавдалантирган. Фильм экран юзини кўргандан кейин кассаларда 497 миллион доллар тўпланган. Бугунги кунда ҳам суратга тушишда давом этаётган актёр сўнгги марта «Ad astra» фильмида роль ўйнаган.

Жулия Робертс

Фото: AdMe

Илк марта «Ўт ўчириш жамоаси» фильмида эпизодик роль ижро қилган Жулия 1990 йилда «Чиройли аёл»даги иштирокидан кейин машҳурликка эришган. 2008 йилдаги «Уйга қайтиш» сериали экран юзини кўрганидан кейин эса танқидчилар Робертснинг кичик экрандаги дебютини муваффақиятли деб баҳолаган.

Леонардо Ди Каприо

Фото: AdMe

«Маҳлуқлар-3» фильмида илк бор суратга тушган Ди Каприо 1997 йилда «Титаник»дан кейин юлдузга айланган. 2019 йил 21 майда эса Ди Каприо асосий қаҳрамонлардан бирининг ролини ижро қилган Квентин Тарантинонинг «Бир куни Голливудда» фильми премьераси бўлиб ўтган.

Николь Кидман

Фото: AdMe

Николь илк марта «Ўрмондаги рождество» фильмида суратга тушганида 16 ёшда бўлган. 1989 йилдаги «Ўлик сукунат»дан кейин машҳурликка эришган Кидман иштирокидаги «The Undoing» машҳур сериаллардан бирига айланган.

Мэттью Макконахи

Фото: AdMe

Карьерасини реклама роликлари ва мусиқий клипларда иштирок этишдан бошлаган Макконахи илк марта 1992 йилда «Очилмаган сир» сериалида суратга тушган. «Даллас харидорлар клуби» фильмидаги иштироки учун «Олтин Глобус» ва «Оскар»га эга бўлган актёр 2019 йилда Гай Ричининг «Жентелменлар» фильмида роль ўйнаган. 22 миллион доллар сарфланган фильм дунё прокатида 115 миллион доллар тўплаган.

Кейт Уинслет

Фото: AdMe

1991 йилдан суратга тушишни бошлаган Кейт «Титаник»дан кейин Голливуд юлдузига айланган. У сўнгги марта 2021 йилда «Исттаунлик Мейр» детектив сериалида иштирок этган.

Мэтт Деймон

Фото: AdMe

Мэтт 18 ёшида «Мистик пицца» комедиясида иштирок этган. «Заковатли Уилл Хантинг»дан кейин машҳурликка эришган актёр сўнгги марта «Форд феррарига қарши» фильмида Керолл Шелби ролини гавдалантирган.

Пенелопа Крус

Фото: AdMe

Крус илк марта 1992 йилда «Жамон Жамон» фильмида суратга тушган. 2001 йилда иштирок этган «Ванильли осмон» фильми прокатда 200 миллион доллар тўпланишига сабабчи бўлган. 2019 йилда эса Netflix томонидан суратга олинган «Афера Майамида» фильмида роль ижро қилган.

Скарлетт Йоханссон

Фото: AdMe

Илк бор катта экранда 9 ёшида кўриниш берган актриса «Норт» фильмида роль ижро қилган. 2004 йилдаги «Match-Point» картинаси актриса «Олтин Глобус»га тўрт карра номзод бўлишига сабабчи бўлган. «Қора бева» фильмидаги Наташа Романофф сўнгги омадли ижроларидан бири ҳисобланадиган актриса 2020 йилда «Никоҳ ҳақидаги ҳикоя» фильми учун энг яхши актриса, «Қуёнча Жожо» сабаб эса иккинчи даражали энг яхши актриса йўналишларига номзоди қўйилган. Аммо мукофот Рене Зеллвегер ва Лора Дернга насиб қилган.

Том Хэнкс

Фото: AdMe

Томнинг актёрлик карьераси «У ёлғиз эканлигингизни билади» фильмидан бошланган. «Форрест Гамп»дан кейин машҳурликка эришган Хэнкс ижросидаги «Грэйхаунд» картинаси 2020 йилда экран юзини кўрган.

Шерон Стоун

Фото: AdMe

Илк бор Вуди Алленнинг «Стардуст хотиралари» фильмида суратга тушган. 1992 йилда «Асосий инстинкт»да Кетрин Трамеллни гавдалантирган. 2020 йилда эса иштирокидаги «Ретчед» сериали экран юзини кўрган.

Энтони Хопкинс

Фото: AdMe

1968 йилда «Қишдаги арслон» фильмида суратга тушган актёр «Қўзилар сукунати»даги ижроси сабаб танқидчилар томонидан эътироф этилган. 2020 йилда суратга тушган «Ота» фильмидаги ижроси сабаб эса 83 ёшида энг яхши актёр сифатида «Оскар»га сазовор бўлган.