Дунёда COVID-19’га чалинганлар сони 159 707 593 кишини ташкил қилмоқда. Жонс Ҳопкинс университети маълумотлари шундан дарак берди. Касалланганлар сони бўйича юқори бешликда, доимгидек, АҚШ (32,7 миллион), Ҳиндистон (23,3 миллион), Бразилия (15,2 миллион), Франция (5,8 миллион) ва Туркия (5 миллион) жойлашиб турибди. Дунё бўйича коронавирус оқибатидаги ўлимлар сони эса 3 318 264 кишига етди.

Бутун дунё мусулмонлари Рамазон ҳайитига тайёргарлик кўрмоқда

Фото: AP Photo

Ҳиндистон кунлик COVID ўлимлар сони бўйича янги рекорд ўрнатди

Ҳиндистонда бир кеча-кундузда коронавирусдан вафот этганлар сони бўйича янги рекорд ўрнатилди. Бу ҳақда ҳукумат сайтида эълон қилинган маълумотлар гувоҳлик бермоқда.

Уларга кўра, 11 майгача бўлган бир кеча-кундузда мамлакатда 4205 киши вафот этган. Бунгача, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотлари бўйича, суткалик ўлимларнинг максимал сони 8 май куни қайд этилганди — 4187 та.

Ҳиндистонда коронавирус билан касалланиш ҳолатларининг кескин ўсиши 1 апрелдан бошланди. Хусусан, 31 март куни мамлакатда 53 480 киши вирусни юқтириб олган бўлса, эртаси куниёқ бу рақам 72 330 кишигача ортди ва ўшандан буён мунтазам ўсиб бормоқда.

Апрель ўрталарида Ҳиндистонда COVID-19 оқибатидаги ўлимларнинг кескин ўсиши бошланди. 15 апрель куни мамлакатда 1038 киши вафот этган бўлса, 21 апрелга келиб, кунлик ўлимлар сони 2 мингтадан ошди.

Бразилияда коронавирусга қарши эмланган ҳомиладор аёл вафот этди

Бразилиянинг Сан-Паулу ва Рио-де-Жанейро штатлари ҳомиладорлардан бири AstraZeneca вакцинаси билан эмланганидан кейин вафот этгач, ҳомиладор аёлларни эмлашни тўхтатиб қўйди. Бу Бразилия Санитария ва гигиена назорати агентлиги тавсияси билан амалга оширилди. Ҳукумат ҳомиладор аёлнинг ўлимини текширишда давом этмоқда.

AstraZeneca компаниясининг ўзи маълум қилишича, коронавирусга қарши вакцина синовида ҳомиладор ва эмизикли аёллар қатнашмаган. Ҳайвонларда ўтказилган тадқиқотлар дорининг ҳомиладорликка ёки ҳомила ривожланишига ёмон таъсир қилишидан дарак берувчи бевосита ёки билвосита белгиларни аниқламаган.

Коронавируснинг «ҳиндча» штамми дунё учун хавфли деб тан олинди

ЖССТ Ҳиндистонда тарқалаётган уч карра мутацияли коронавирус штаммини глобал даражада «хавотир уйғотувчи» деб тан олди.

ЖССТ янги ва зооноз касалликлар бўйича бўлинмаси раҳбари айтишича, Ҳиндистонда пайдо бўлган Б.1.617 штамми вируснинг бошланғич шаклига қараганда юқумлироқ, ҳалокатлироқ ва вакциналарга нисбатан чидамлироқдир.

«Шунинг учун ҳам биз бу вариантни глобал даражада хавотир уйғотадиган деб таснифлаймиз. Ҳатто баъзи дастлабки тадқиқотлар штаммнинг юқори даражада юқумлилигини кўрсатган бўлса-да, бизга вируснинг бу вариант ҳақида кўпроқ маълумот керак», — деди ЖССТ расмий вакили Мария Ван Керкхове.

Унинг қайд этишича, мутацияга учраган инфекция SARS-CoV-2 бошланғич штаммига нисбатан анча тезроқ тарқалмоқда.