14:56, 12.05.2021 // 27349

Исроилнинг Тель-Авив ва унга қўшни шаҳарлари Ғазо секторидан ёппасига ҳужумга учради, Исроил янги зарбалар билан жавоб қилди. Иккала томондан қурбонлар сони 40 кишига етди

ҲАМАС ҳаракати Исроил марказидаги шаҳарларга йирик ракета ҳужумини уюштирди. Тель-Авив шаҳри ва унга яқин атрофдаги аҳоли пунктлари ўққа тутилди. Ғазо секторини бошқарадиган Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати ракета зарбалари учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. «Исломий жиҳод» гуруҳи ҳам ўт очишга алоқадорлиги ҳақида эълон қилди, деб ёзмоқда Meduza.

Фото: AFP

12 май куни эрталаб Исроилда қурбонлар сони беш кишига етди. Хусусан, ракеталар уч аёлнинг ҳаётига зомин бўлди. Улардан иккитаси Тель-Авивдан 50 километр узоқликда жойлашган Ашкелон шаҳрида яшарди. Улар турар жойларга келиб урилган ракеталар туфайли ҳалок бўлган.The Jerusalem Post нашрининг ёзишича, қурбонлардан бири кекса аёлга ҳамширалик қиладиган Ҳиндистон фуқароси. Иккинчи қурбон ракетанинг турар жой биносига тўғридан-тўғри урилиши оқибатида ҳалок бўлган. Учинчи аёл Тель-Авивдан бир неча километр узоқликда жойлашган Ришон Ле-Цион шаҳрида вафот этган.

Шунингдек, Холон шаҳрида ракета бўш автобусга келиб урилган. Ynet News хабар беришича, портлаш натижасида уч киши, жумладан, беш яшар қизча жабрланган. Исроилда яраланганларнинг умумий сони 100 кишидан ошади.

10—11 май кунлари Ғазо секторидан Исроил томон 700 га яқин ракета учирилди. Уларнинг 200 таси Исроилнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими томонидан тўхтатиб қолинди, яна 150 таси Исроил шаҳарларига етиб бормасдан Ғазо сектори ҳудудига қулади. Отишма туфайли Бен-Гурион аэропорти ёпилди, унинг ёнида Исроилнинг ҳаво ҳужумига қарши мудофааси Фаластин ракеталарини уриб туширди.

Исроил Фаластин ҳудудидаги 500 та нишонга зарба берди. Бу ҳақда Исроил мудофаа кучлари Бош штаби бошлиғи Авив Кохави айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, ўнлаб террорчилар йўқ қилинган. Портлатилган нишонлар орасида Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати штаб-квартираларидан бири жойлашган Ғазо секторидаги 13 қаватли бино ҳам бор. Ynet News хабарига кўра, рейд бошланишидан бир соат олдин бино ва унинг атрофидаги аҳолига огоҳлантириш берилган.

Фаластин расмийларининг маълумотларига кўра, Исроилнинг Ғазо секторига берган зарбалари натижасида 35 киши ҳалок бўлди. Шунингдек, Исроил армияси Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати ҳарбий разведкасининг икки асосий аъзоси — хавфсизлик бўлими бошлиғи Хасан Каужи ва унинг ўринбосари Вайл Исо ўлдирилгани ҳақида хабар берди. Исроил армияси штаби бошлиғи ўт очишни давом эттиришга ваъда берди. Исроил бош вазири Бинямин Нетаньяхунинг айтишича, «ҲАМАС ва ‘Исломий жиҳод’ аллақачон қилмишига яраша жавоб олган ва олишда давом этади. Операция бироз вақт талаб этади».

Шу билан бирга, тартибсизликлар сабабли Исроилнинг Лод шаҳрида фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Лод мери Яир Ревиво ҳокимият шаҳар устидан назоратни бутунлай йўқотганини айтди. 11 май куни кечқурун бошланган ўт очишлар билан бирга яҳудий ва араб аҳолиси ўртасида тўқнашувлар бошланган. Исроил бош вазири Бинямин Нетаньяху шаҳарга ҳарбий қисмларни юборишга ваъда берди.

Ракета ҳужумлари Исроил полицияси ва фаластинликлар ўртасида тўқнашувлар содир бўлаётган Шарқий Қуддусдаги кескинлик кучайган бир пайтда юз бермоқда. 7 май куни Исроил судининг қарорига биноан Маъбад тоғлари яқинидаги «Шайх Жарроҳ» маҳалласидан араб оилаларини кўчириб юбориш жараёни бошланган эди. Бунинг натижасида ҳудудда норозилик намойишлари ва тўқнашувлар юзага келди.

Маълумот учун, Қуддуснинг Маъбад тоғидаги ал-Ақсо масжидида Исроил полицияси билан юзага келган тўқнашувда 278 нафар фаластинлик жароҳатланди.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Исроил полициясининг Рамазон ойида бу ҳаракатларини танқид қилди ва «керак бўлса, ал-Ақсони қутқариш ва ўз эътиқоди учун жонини аямаслиги»ни таъкидлади.

Энг кўп ўқилган

Қидирув