Квебек университети олимлари «Титаник» ҳалокатидан аввал кемадан денгизга ташланган бўлиши мумкин бўлган шиша (бутилка) ичидаги мактубни ўрганмоқда. Бу ҳақда университетнинг сайтида маълум қилинган деб ёзади Esquire.

Фото: Esquire

Маълум қилинишича, мазкур мактубни 2017 йилда Хоулвелл-Рокс қоялари яқинида дам олаётган Шервуҳ оиласи қум орасидан топиб олган ва топилмани мутахассисларга топширган. Шишадаги хат 1912 йил 13 апрель куни Матилда Лефевр томонидан ёзилган.

Мутахассисларнинг маълумотига кўра, ғарқ бўлган кеманинг 3-классида дарҳақиқат шундай исмли йўловчи бўлган. Олимлар, шунингдек, қизнинг айни вақтда тирик бўлган қариндошлари билан ҳам боғланишга муваффақ бўлган.

Фото: Esquire

Онаси, икки укаси ва опалари билан Нью-Йоркка кетаётган 13 яшар Матилда Лефеврни отаси кутиб олиши керак бўлган. Аммо «Титаник»нинг 14 апрелдан 15 апрелгача ўтар кечаси чўкиши оқибатида Лефеврлар оиласи бошқа йўловчилар қаторида вафот этган.

«Мен бу шишани Атлантика ўртасида денгизга ташлаяпман. Биз бир неча кундан кейин Нью-Йоркка етиб боришимиз керак. Агар кимдир уни топса, Леувендаги Лефевр оиласига хабар беринг», — дейилади Матилданинг мактубида.