2013 йил «Голос» мусиқий шоусида иккинчи ўринни эгаллаганидан кейин машҳурликка эришган 50 яшар Наргиз Зокирова иккинчи марта буви бўлди.

Фото: «Пятий канал»

Хонанда илк марта 2014 йилда буви бўлган — қизи Сабина ўғил фарзандни дунёга келтирган. 2021 йилнинг 10 апрель куни эса иккинчи набираси туғилган. Кенжа қизи Лейланинг она бўлгани ҳақидаги хабарни Наргиз Зокирова ўз Instagram саҳифасида маълум қилган. Чақалоқнинг ота-онаси билан тушган суратига: «Бугун иккинчи марта буви бўлдим. Танишинг, набирам — Леви Лесли Вейс», — деб изоҳ ёзиб қолдирган.

Фото: Instagram / @nargizzakirova_official

Ушбу қувончли янгилик билан чақалоқнинг ота-онаси ҳам ўз саҳифасида бўлишган.

Лейла: «Бизнинг оламга хуш келибсан, ширинтойим Кеви Лесли. Ота ва онанг сени жуда ҳам яхши кўради», — деб ёзиб қолдирган.

Отаси Трой Миллер эса ўғлини кўтариб турган фотони жойлаб, бағоят хурсандлигини билдирган.

Фото: Instagram / @nargizzakirova_official

Маълумот учун, «Голос» шоусидан кейин Наргиз Зокирова Максим Фадеевнинг продюсерлик маркази билан ҳамкорлик қила бошлаган ва бир нечта қўшиқлар тақдим қилган. 2019 йилга келиб хонанда MALFA лейблини тарк этгани ҳақида маълум қилган.

«Максим Фадеевдан 12 август куни хат олганимдан бошлаб бизнинг шартномамиз бекор қилинган ҳисобланади. Энди MALFA жамоаси аъзоси эмасман. Менинг бундан кейинги ижодий фаолиятим тақдири уларга боғлиқ эмас», — деган хонанда.

Аввалроқ Наргиз Зокирова Россиядан нафратланиши ҳақидаги гап-сўзлар бўҳтон эканлигини маълум қилганди.