Ўзбекистондаги 74 та йирик ҳудудий корхонада ишлаб чиқариш ҳажми 2021 йилнинг биринчи чорагида ўтган йилга нисбатан 1,1 триллион сўмга камайган. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 12 май куни ташкил этилган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди, деб хабар беради «Дарё» мухбири.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

«Айрим тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари яратиб берилган имкониятлардан ҳам тўлиқ фойдалана олмаяпти. Мисол учун, биринчи чоракда ‘Ўзавтосаноат’да ишлаб чиқариш ҳажми 40 фоизга, ‘Ўзбекнефтгаз’да 4,7 фоизга, чарм маҳсулотларида 10 фоизга пасайган. Сўнгги бир йилда дори-дармон ва тиббиёт буюмларига эҳтиёж кескин ошган бир пайтда, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 22 фоизга камайишини, қандай изоҳлаш мумкин?», — дейди давлат раҳбари.

Шунингдек, 74 та йирик ҳудудий корхонада ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилга нисбатан 1,1 триллион сўмга камайган. Жумладан, Тошкент шаҳрида 23 та (390 миллиард сўм), Фарғонада 4 та (367 миллиард сўм), Қашқадарёда 6 та (143 миллиард сўм), Тошкент вилоятида 12 та (87 миллиард сўм), Бухорода 5 та (22 миллиард сўм), Самарқандда 4 та (18 миллиард сўм), Сурхондарёда 9 та (17 миллиард сўм), Наманганда 3 та (13,5 миллиард сўм).

Аввалроқ Ўзбекистон автомобиль саноатидаги 40 га яқин корхонани ўзида бирлаштирган «Ўзавтосаноат» 2021 йилнинг I чораги якунларини сарҳисоб қилгани тўғрисида хабар берилганди. Унга кўра, «Ўзавтосаноат» ўтган чорак давомида қарийб 50 миллиард сўм фойда кўрган.