Туркманистонда 2021 йилда кузатиладиган қаттиқ қурғоқчилик 2018 йилдагига нисбатан кучлироқ бўлиши мумкин, деб огоҳлантирди «Метеожурнал». Ўшанда иссиқ об-ҳаво ва сув танқислиги шоли экинларининг нобуд бўлишига ва буғдой ҳосилининг сифатсизлашиб қолишига сабаб бўлган эди, деб ёзмоқда «Хроника Туркменистана».

Фото: «Хроника Туркменистана»

2021 йилнинг апрель ойида мамлакатнинг деярли барча ҳудудида ёғингарчилик миқдори меъёридан анча кам, ойлик ҳарорат эса меъёридан 3—4 даражага юқори бўлди.

Май ойининг бошида, апрель қурғоқчилигидан кейин Туркманистоннинг айрим ҳудудларида момақалдироқ чақиб, ёмғир ёғди. Лекин умуман олганда, ёғингарчилик кўп бўлмади (0,1—7 миллиметр). Бу ҳафта эса қуруқ ва иссиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати 29—34 даража орасида ўзгариб туради.

Қиш ва баҳорда ёғингарчилик миқдори кам бўлгани сабабли Помир тоғларида қор етарли даражада тўпланмади. Бунинг натижасида баҳор фаслида Амударёдаги сув миқдори 2020 йилга нисбатан 60 фоизга камроқ бўлди.

«Бу мутлақо нонормал ҳодиса, чунки йилнинг бу даврида дарё бўйида, меъёрга кўра, тоғлардаги қорнинг эриши туфайли сув оқими кўпайиши керак», — деб ёзмоқда нашр.

Сув танқислиги сабабли 11 йил ичида биринчи марта дарё сувлари Катта Оролнинг шарқий қисмига қуйилмайди.

Шунингдек, сув омборларида сезиларли сув етишмовчилиги мавжуд. Масалан, Туямўйин сув омборидаги 2,55 куб километр миқдоридаги сув «ўлик ҳажм» бўлса, истеъмолга яроқли сув ҳажми 2,5 куб километрни ташкил қилади.

Туркманистоннинг энг катта сув омборларидан бири бўлган Хаузан ҳам саёзлашиб қолди. Май ойи ҳолатига кўра, омбор юзасининг майдони, тахминан, 150—155 квадрат километрни ташкил қилмоқда. Бу 2020 йилги сув юзасининг 70 фоизини ташкил қилади.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов суғориш учун ишлатиладиган сувнинг танқислигидан хавотирда эканини билдирди ва 7 май куни бош вазир ўринбосари, агросаноат мажмуасининг назоратчиси Эсенмират Оразгелдиевга қисқа вақт ичида дарёлар ва сув омборларининг юқори оқимини текшириш, уларни тозалаш ва қишлоқ хўжалигига замонавий сув тежайдиган технологияларни жорий этиш вазифасини топширди.

Апрель ойида Лебоп вилоятидаги қишлоқ хўжалиги ерларининг ижарачилари «Хроника Туркменистана» нашрининг мухбирига суғориш учун сувнинг етишмаслиги сабабли фермерлар ўртасида юзага келган низолар тўғрисида гапириб берди.

«Одамлар ўзларининг участкаларига кўпроқ сув олиб бориш учун тўсиқлар қуришга ҳаракат қилмоқда», — деб таъкидлади деҳқонлар.