Ҳиндистонда COVID-19’дан тузалган одамларда кузатилаётган «қора замбуруғ» — мукормикоз касаллиги глобал хавф келтириб чиқармайди. Бу ҳақда россиялик вирусологларга таяниб «РБК» хабар берди.

Фото: Getty Images

«Мукормикоз эндемик касаллик ҳисобланади. У Жануби-шарқий Осиё мамлакатларида кенг тарқалган. Ўта кенг тарқалган деб бўлмайди, аммо Ҳиндистонда иммунитетнинг пастлиги, юқумли касалликнинг кўпайиши ва ҳаддан ташқари зичлик шароитида турли хил инфекцияларни учратиш мумкин», — деди Россия Иқтисодиёт Олий мактаби Соғлиқни сақлаш иқтисодиёти институти директори Лариса Попович.

«Мукормикоз оғир касаллик, аммо уни даволаш мумкин. Инфекция турмуш тарзи Ҳиндистондаги маҳаллалар сингари тўйиб овқатланмайдиган, қашшоқликда ва антисанитария шароитида яшайдиган одамларда касалликларга чидамлилик пасайгани сабабли тез тарқалади», — дея қўшимча қилди у.

Мутахассис таъкидлашича, ҳар қандай паразитли, замбуруғ инфекциялари иммунитети пасайган барча одамлар учун хавфли бўлиб, ҳар қандай сурункали касаллик танага ва иммунитет тизимига жиддий зиён келтиради.

«Инфекциянинг исталган тури сурункали касаллиги бор одамларда тезроқ тарқалади. Буни COVID тарихида кўриш мумкин. Бошқа ҳар қандай юқумли касаллик билан ҳам худди шундай ҳолат кузатилади», — дея хулоса қилди Попович.

Ўз навбатида, Москва давлат университети профессори, биология фанлари доктори, вирусолог Алексей Аграновский «қора замбуруғ»га чалиниш ва коронавирус ўртасида параллеллик ўрнатиш учун ҳеч қандай сабаб кўрмаслигини таъкидлади.

«Умуман олганда, иммунитети пасайган одамларда микроорганизмлар келтириб чиқарадиган касалликларга чалиниш хавфи юқори. Уларга ёрдам берадиган махсус даволар мавжуд. Аммо нима учун COVID-19’ни даволашда иммуносупрессия (иммунитетни сунъий равишда бостириш) пайдо бўлиши кераклиги ноаниқ. Бу иммунодепрессив касаллик эмас. Ҳарқалай мендаги маълумотлар бўйича, вирус умумий иммунитетнинг пасайишига олиб келадиган бирон-бир белгини кўрмадим. Шунга кўра, мен COVID-19 билан ‘қора замбуруғ’ ёки бошқа хавфли касалликларни юқтириш ўртасида параллеллик бор дея олмайман», — деди Аграновский.

Маълумот учун, баъзан қора пўпанак (black fungus) деб ҳам аталувчи мукормикоз  COVID-19’га чалинган беморларда ёки коронавирусдан соғайганларда тез-тез учрайди.

Мукормикоз — камдан-кам учрайдиган касаллик бўлиб, унинг белгилари оғриқ ва безгакни келтириб чиқарувчи бурун ва танглайнинг некротик зарарланишидан иборат. Бундан ташқари, марказий асаб тизими томонидан ҳам симптомлар юзага келиши мумкин, беморлар кўзнинг шиши ва оғришидан шикоят қилади. Касаллик натижасида бурун бўшлиғи, мия ва ўпкаларга зарар етади. У диабет ҳамда ОИВ/ОИТС ва саратон билан касалланганлар учун ўлим келтирадиган даражада хавфлидир. Мукормикоздан ўлим даражаси 50 фоизгача етиши мумкин.

Ҳиндистонда коронавируснинг иккинчи тўлқини «қутураётган» бир пайтда маҳаллий шифокорлар мукормикоз инфекциясини тобора кўпроқ қайд этмоқда.