Андижон шаҳрида ҳайдовчи ЙПХ инспекторини калтаклаб, ўлдириш билан таҳдид қилди, дея хабар бермоқда ЙҲХББ.

Маълум қилинишича, Андижон шаҳрида хизмат вазифасини олиб бораётган ЙПХ инспекторининг қонуний талабларига бўйсунмаган ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома тузилиб, автомобиль жарима майдонига олиб кирилган.

Жарима майдонида ҳайдовчи машинадан тушиб, у билан бирга келган ЙПХ инспекторини калтаклаган.

Ҳайдовчи ҳаракатларини давом эттириб, машинасидаги ўткир тиғли пичоқни олиб, инспекторни ўлдириш билан қўрқитган.

Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан аввал Тошкент вилоятида ўзини «Ойша хола» дея таништирган ЙПХ ходимига хизмат текшируви тайинлангани, Жиззахда ЙПХ ходимларидан қочиб кетган Cobalt ҳайдовчиси ва унга ёрдам берган икки таниши қўлга олингани ҳамда Тошкентда ЙПХ инспектори ҳайдовчига ўрта бармоғини кўрсатгани ҳақида хабар берилганди.