Бухоро вилояти Когон туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Nexia ҳайдовчиси ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 8 май куни соат 15:00 ларда Nexia ҳайдовчиси туманнинг «Сиёзпоён» МФЙ ҳудудидан ўтган 4Р65 автомобиль йўлининг 39-километрида ўзидан олдинда ҳаракатланаётган машинани қувиб ўтиш мақсадида қарама-қарши йўлга чиққан. Натижада Nexia қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган тракторнинг олд қисмига бориб урилган.

ЙТҲ оқибатида Nexia ҳайдовчиси тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган, бироқ кўрсатилган тезкор ёрдамга қарамай, у вафот этган.

Ҳозирда Когон тумани ИИБ Тергов гуруҳи томонидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Қаршида содир бўлган ЙТҲда 29 ёшли ҳайдовчи ва унинг 5 ёшли қизи ҳалок бўлгани, Олмалиқда Damas велосипедчини уриб юбориши оқибатида жабрланувчи шифохонада вафот этгани тўғрисида хабар берилганди.