Бухоро вилоятининг Вобкент туманида яшовчи фуқаро Н.Н. ўзига тегишли «КамАЗ» юк автомашинасида светофорнинг қизил чироғига амал қилмай, ҳаракатни давом эттирди ва 1-синф ўқувчисини уриб юбориб, унинг ўлимига сабаб бўлди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Шукруллаев хабар берди.

Таъкидланишича, 2021 йилнинг 7 май куни Вобкент туманидан ўтувчи давлат аҳамиятига эга 4Р 220-автомобиль йўлининг биринчи километрида ЙТҲ содир бўлган. 49 ёшли фуқаро Н.Н. ўз бошқарувидаги «КамАЗ»да светофорнинг қизил чироғига амал қилмай, ҳаракатланган ва йўлни кесиб ўтаётган 2014 йилда туғилган етти ёшли мактаб ўқувчиси Б.Ж.ни уриб юборган.

Б.Ж. зудлик билан Вобкент туман марказий шифохонасига оғир аҳволда келтирилган. Кўрсатилган тезкор тиббий муолажаларга қарамай, мактаб ўқувчиси 7 майдан 8 майга ўтар кечаси вафот этган.

Айни пайтда ҳайдовчи қамоққа олинган ва унга нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу модда билан айбланган ҳайдовчининг айби исботланса, қонунчиликка кўра у ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Ҳозирда ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Қаршида содир бўлган ЙТҲда 29 ёшли ҳайдовчи ва унинг 5 ёшли қизи ҳалок бўлгани, Бухорода қаршисидаги машинани қувиб ўтишга уринган Nexia тракторга бориб урилгани ва ҳайдовчи шифохонада вафот этгани тўғрисида хабар берилганди.