Абдужаббор Азиз Раҳмонзода Тожикистоннинг Ўзбекистондаги янги элчиси этиб тайинланди. 13 май куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ундан ишонч ёрлиқлари нусхасини қабул қилиб олди.

Фото: ТИВ матбуот хизмати

ТИВ матбуот хизматининг хабар беришича, Абдулазиз Комилов уни Ўзбекистонда фаолият бошлагани билан табриклади ҳамда ушбу юқори ва масъулиятли лавозимда муваффаққиятлар тилади.

Учрашув чоғида икки биродар мамлакат етакчиларининг сиёсий иродаси сабабли бугун кунда дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шерикликка асосланган Ўзбекистон–Тожикистон муносабатлари жадал ривожланаётгани, янги йўналишларни қамраб олиб, амалий мазмун билан бойиётгани қайд этилди. Томонлар олий ва юқори даражада бўлиб ўтадиган тадбирлар жадвалини кўриб чиқди ҳамда минтақавий ва халқаро масалалар бўйича фикр алмашди.

Эслатиб ўтамиз, Абдужаббор Азиз Раҳмонзода Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг 4 майдаги фармони билан Тожикистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланганди. У тайинловга қадар президентнинг ижтимоий ривожланиш ва жамоатчилик билан алоқалар бўйича ёрдамчиси лавозимида ишлаб келган.

Тожикистоннинг 2016 йилдан бери Ўзбекистондаги элчиси бўлиб ишлаб келган Содиқ Имомий апрель ойида мамлакатдаги миссиясини якунлади. У 22 апрель куни Абдулазиз Комилов қабулида, 23 апрель куни эса Шавкат Мирзиёев қабулида бўлди.