Ижтимоий тармоқларда ургутлик йигитнинг пул сочаётгани акс этган лавҳа кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Ушбу ҳолат Самарқанд ИИБ томонидан ўрганиб чиқилди.

Қайд этилишича, Ургут тумани «Вағашти» маҳалласида яшовчи, 1991 йилда туғилган Н.Ж. Рамазон ҳайити муносабати билан қариндош ва қўшниларини меҳмондорчиликка чақириб, уларнинг фарзандларини хурсанд қилиш мақсадида устиларига пул сочган.

Н.Ж. билан олиб борилган суҳбат давомида у қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдирди.

Фуқаро ва унинг яқин қариндошлари билан келгусида бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик борасида профилактик суҳбат ўтказилиб, фуқарога нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Бундан аввал Тошкент вилоятида ўзини «Ойша хола» дея таништирган ЙПХ ходимига хизмат текшируви тайинлангани, Сурхондарёда радар йўналишини ўзгартириб қўйган ҳайдовчилар 10 суткага қамалгани ҳамда Самарқандда Алишер Навоий ҳайкалини мазах қилган тиктокерга «Ҳайрат ул-аброр» ва Ойбекнинг «Навоий» асари совға қилингани ва йигит ғазаллар ёдлашга ваъда бергани ҳақида хабар берилганди.