Xiaomi компанияси MIUI операцион тизими ўрнатилган смартфонлари Хитойдаги фойдаланувчиларни магнитудаси 4,0 ва ундан юқори бўлган 35 та зилзиладан ўз вақтида огоҳлантирганини маълум қилди, деб ёзади IXBT.

Фото: IXBT

Xiaomi смартфонлари олдиндан огоҳлантириш тизими билан жиҳозланган бўлиб, у фойдаланувчига яқинлашиб келаётган табиий офат ҳақида хабарнома жўнатади. Шунингдек, компаниянинг маълум қилишича, ушбу функция 8 640 477 та қурилмада ишлайди, жумладан, смартфонлар ва «ақлли» телевизорларда ҳам.

Xiaomi мазкур функцияни 2019 йилда ишга туширган ва ўз фойдаланувчиларига бу каби имкониятни тақдим этган дунёдаги биринчи ишлаб чиқарувчига айланган эди. Тизим 500 кундан ортиқ ишлайди, зилзила бўлишини олдиндан огоҳлантириш борасидаги хабарлар бутун мамлакатнинг 25 та провинцияси бўйлаб тарқатилади.

Огоҳлантириш радиотўлқинлар зилзиладан кейинги сейсмик тўлқинлардан тезроқ узатилишига асосланган принципида ишлайди. Фалокатли сейсмик тўлқинлар манзилига етиб келгунига қадар фойдаланувчида зарбага тайёргарлик кўриш учун бир неча сония вақт бўлади. Бу эса қурбонлар сонининг камайишига ёрдам беради.

Аввалроқ Apple Watch россиялик қизнинг ҳаётини сақлаб қолгани тўғрисида хабар берилганди.