АҚШнинг Юта штатидаги шосселарнинг бирида дунёдаги энг тезкор гиперкарлардан бири ҳисобланувчи SSC Tuatara аварияга учради. Гиперкар ортилган автовоз ҳайдовчиси кучли шамол вақтида бошқарувни эплай олмагани ва юк машинаси ағдариб юборган, деб хабар беради Motor.

Фото: The Drive

Shelby Super Cars North America компанияси Tuatara’ни 2011 йилда тақдим этган. Бироқ дастлаб режалаштирилган 100 та серияли гиперкарнинг биринчиси орадан тўққиз йил ўтгач конвеердан чиққан. 1247 килограммли орқа узатмага эга автомобилга 1775 от кучини тақдим этишга қодир 5,9 литрли В8 двигатели ўрнатилган. Агрегат етти поғонали «робот» узатмалар қутиси ёрдамида бошқарилади.

Биринчи серияли SSC Tuatara’нинг нархи 1,9 миллион долларни ташкил этган.

2021 йилнинг январь охирида SSC Tuatara учинчи уринишда серияли автомобиллар ўртасида тезлик рекордини ўрнатган эди. Машина Флоридадаги аэродромнинг учиш-қўниш йўлагида соатига 455,3 километр тезликда ҳаракатланиб, Гиннеснинг рекордлар китобидан жой олган. Бундан олдинги рекорд 2017 йилда Koenigsegg Agera RS’га тегишли эди — соатига 447 километр.

SSC North America компанияси ўз рекордини янгилаш ниятида бўлган. SSC Tuatara’ни соатига 482 километр тезликда ҳайдаш режалаштирилган эди. Бунинг учун ноёб гиперкар Флорида аэродромига етказилиши керак бўлган. Бироқ уни олиб кетиш вақтида шосселарнинг бирида эсган кучли шамол сабаб автоваз ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, аварияга учраган. SSC Tuatara белгиланган жойга етишига 40 километргина қолганди.

Фото: The Drive

ЙТҲ оқибатида гиперкарнинг кузовига жиддий шикаст етган. Бироқ Shelby Super Cars раҳбари Жерод Шелбининг сўзларига кўра, машинага у қадар катта зарар етмаган. Компания эндиликда автомобилнинг барча зарурий эҳтиёт қисмларини қайта тиклаши керак.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда АҚШда ноёб Форд Mustang янги эгасига етиб бормасдан аварияга учраганди.