1939 йил 14 май куни Херардо исмли болакай дунёга келади. Унинг онаси атиги 5 ёшли Лина Медина эди. Бу ғаройиб ҳодиса Жанубий Америка қитъасидаги Перу давлатида содир бўлган. «Дарё» ушбу сана муносабати билан тарихдаги энг ёш она ва унинг ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади.

Лина Мединанинг туғилган жойи унинг туғилган санаси каби баҳсли. Турли хил манбаларда у Антаканча, Пауранга ва Тикрапо шаҳарларида туғилган дея кўрсатилади. Ушбу шаҳарларнинг бари Перунинг Уанкавелика провинциясида жойлашган. Линанинг туғилиш санаси турли манбаларда 1933 йил 23 сентябрь, баъзиларида 27 сентябрь сифатида қайд этилади.

Унинг ота-онаси оддий одамлар эди. Онаси Виктория Лоза уй бекаси, отаси Чибурсио Медина эса кумушчи заргар бўлган.

Виктория Лоза ва Чибурсио Медина

Фото: Rare Historical Photos

Беш ёшида Линанинг қорни ғайритабиий шишишни бошлаган вақти ота-онаси қизидан хавотирлана бошлади. Дастлаб улар буни қандайдир ўсимта деб ўйлашади. Бироқ Линани маҳаллий шифохонага олиб келишганда улар умуман хаёлларига ҳам келмаган хабарни эшитади: Лина етти ойлик ҳомиладор эди.

Табиийки Мединалар оиласи доктор Херардо қўйган ташхисга ишонмади. Улар бу ёшда ҳомиладорлик бўлиши мумкинлигини тасаввур ҳам қилолмайди. Доктор Херардо ташхисни аниқлаштириш ва тасдиқлаш учун Линани пойтахт Лимага олиб келади. Бу ерда ҳам унинг ҳомиладорлиги тасдиқланади.

Бу воқеа оммавий ахборот воситаларини жалб этмасдан қолмади. 1939 йил 18 апрель куни Перунинг Ла Cрониcа газетаси Нортҳ American фильм кинокомпанияси Лина ҳақида кино олиш ҳуқуқи учун унинг ота-онасига беш минг доллар таклиф қилгани ҳақида хабар қилди. Бироқ бу таклиф рад этилади. Линанинг ота-онаси фарзандлари оддий болалар каби улғайишини хоҳлайди.

Линда Медина фарзанди билан бирга

Фото: Rare Historical Photos

Линанинг танаси ҳали ривожланмаганлиги сабабли шифокорлар туғруқни кесарча кесиш усули орқали амалга оширишга қарор қилади. 1939 йил 14 май куни операция муваффақиятли ўтказилади. Операция доктор Бусале ва Лозада Херардо томонидан амалга оширади. Чақалоқ 2,7 кг вазн билан соғлом туғилади. Унга Линага ғамхўрлик қилиб, ёрдам бергани учун доктор Херардонинг исмини қўйишади.

Операция давомида шифокорлар Линада камдан кам учровчи эрта жинсий балоғатга етиш касаллиги мавжудлигини аниқлайди. Тиббиёт фанлари доктори Курт Винер ҳам Лина жуда кам учровчи Майк-Куин — Олбрайт генетик касаллигига чалинганини тасдиқлаган. Линанинг онаси ҳам қизида етуклик аломатлари 4 ёшидан пайдо бўла бошлаганини тан олган.

Херардо 1 ёшга олинган вақтда олинган сурат

Фото: Rare Historical Photos

Болакай Херардо соғлом улғаяди. 10 ёшигача у Линани ўз опаси деб ўйларди, кейин унга ҳақиқатни айтишади. Херардо онасидан олдин, 40 ёшида суяк илиги саратони касаллигидан вафот этади.

Номаълумлигича қолган ота

Полиция дастлаб зўрлашда гумонлаб Линанинг отасини ҳибсга олди, аммо ҳеч қандай далил йўқлиги боис уни қўйиб юборади. Кейин Линанинг руҳий муаммога эга амакиваччаси терговга тортилади. Бироқ бу сафар ҳам далиллар йўқлиги учун полиция уни жавобгарликка тортолмайди. Шу тариқа боланинг отаси аниқланмайди ва иш тўхтатилади. Линанинг ўзи ҳеч қачон фарзандининг отаси ёки зўрланиши ҳақида гапирмаган. Чунки у ўша пайт бундай ҳолатларни англай оладиган ёшда бўлмаганди. Шундай қилиб ҳозиргача турли тахминлар билдирилган бўлса-да, тарихдаги энг ёш она дунёга келтирган боланинг отаси номаълумлигича қолмоқда.

Лина Медина Рауль Хурадо исмли йигит билан турмуш қурди ва орадан 33 йил ўтгач 1972 йилда иккинчи фарзандини дунёга келтиради. Лина доимо журналистлардан ўзини олиб қочиб юради, хусусан, 2002 йилда Reuters’нинг интервью бўйича таклифини ҳам рад қилади.

Линда Медина. 2018 йилда олинган сурат

Фото: Google Images

Инсоният тарихидаги энг ёш она ҳисобланувчи Лина Медина ҳозир ҳам ҳаёт ва у Перу пойтахти Лиманинг чекка туманларидан бирида яшайди.

Муҳаммадқодир Собиров тайёрлади.