Twitter’даги Rodent950 ники остидаги таниқли инсайдер Huawei P50’нинг янги рендерларини эълон қилди. Бу смартфоннинг ҳозирга қадар интернетда тарқалган энг сифатли тасвирлари ҳисобланади, деб ёзади IXBT.

Фото: Twitter / @Rodent950

Эълон қилинган суратларда смартфон тилларангда тасвирланган, бироқ энг муҳим жиҳати — унда камералар жойлашувини кўриш мумкин. Худди Honor 50’даги каби камераларнинг асосий блоки иккита доирасимон қаватга ажратилган, бироқ Huawei P50’нинг юқори ҳалқасига учта модуль жойлаштирилган, пастгисига — битта.

Фото: Twitter / @Rodent950

Пастки модуль объективининг тасвирларига кўра, унга уланган тасвир датчиги қолганларидан йирикроқ. Миш-мишларга кўра, Huawei P50’га оптик формати 1 дюймга яқин 50 мегапикселли матрица ўрнатилади. Бу каби датчикни Mi 11 Ultra’да ҳам учратиш мумкин, аммо Xiaomi Samsung сенсоридан фойдаланади, Huawei эса Sony’дан олган.

Инсайдернинг ёзишича, суратларда ҳақиқий смартфон тасвирланган, прототип эмас.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг июль ойида АҚШ Huawei ва Хитойнинг бошқа технологик компаниялари учун виза чекловларини жорий қилган эди. Давлат департаментининг маълум қилишича, бу компаниялар инсон ҳуқуқларининг бузилишида иштирок этаётган мамлакатлар расмийларига ёрдам кўрсатмоқда. 2020 йилнинг ноябрь ўрталарида эса Huawei компанияси ўзининг Honor брендини 30 дан ортиқ компанияларни ўзида бирлаштирган Shenzhen Zhixin New Information Technology Cо. консорциуми сотиб олганини расман эълон қилганди.