Жиззах вилоятида 16 ёшли бола йўл-транспорт ҳодисаси содир этди, дея хабар бермоқда ЙҲХББ матбуот хизмати.

Фото: ЙҲХББ матбуот хизмати

Маълум қилинишича, 2021 йил 4 май куни Жиззах шаҳар «Ўратепа» маҳалласи, Саид Насимов кўчасида 2005 йилда туғилган мактаб ўқувчиси ўзига тегишли бўлмаган Matiz автомобилини ҳайдаб кетган.

Ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган ўқувчи автомобиль бошқарувини йўқотиши натижасида ЙТҲ содир этган.

Жабрланганлар ҳақида маълумот берилмаган.

ЙТҲ муносабати билан Жиззахдаги «Умид» ихтисослаштирилган мактаб интернатида масъуллар билан ҳодиса муҳокамаси бўлиб ўтди.

Бундан аввал Қорақалпоғистонда Nexia, Cobalt ва Damas иштирокида содир бўлган ЙТҲ оқибатида 6 киши ҳалок бўлгани, Жиззахда Isuzu тўхтаб турган «КамАЗ»га урилиши оқибатида ҳайдовчилардан бири вафот этгани ҳамда бухоролик ҳайдовчи светофорнинг қизил чироғига амал қилмай, мактаб ўқувчиси ўлимига сабаб бўлгани ҳақида хабар берилганди.