«Академнашр» нашриёти мутафаккир, публицист, жамоат ва дин арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 140 йиллигига бағишлаб унинг икки жилдлик «Танланган асарлари»ни чоп этди. Китобларга муаллифнинг 1903–1918 йилларда эълон қилган ижтимоий-сиёсий мақолалари, нутқлари жамланган. Бунга қўшимча, адиб таклиф этган сиёсий лойиҳалар, маҳаллий ва «Улфат», «Таржимон», «Шўро» каби хорижий нашрларда босилган мақолалари, айрим архив материаллари мутахассислар кўмагида илк марта эълон қилинган.

Фото: Telegram / @akademnashr

«Дарё» Беҳбудийнинг янги чоп этилган «Танланган асарлари»га ҳам киритилган энг муҳим мақолаларидан бири — «Миллатлар қандай тараққий этарлар»ни қайта эълон қилади. Бундан салкам 108 йил аввал ёзилган мазкур мақола бугун ҳам долзарбдек, қиммати ва қадри тушмагандек; вақт-у замон ўзгарса ҳам, азалий қарашлар ўзгармагани, таназзул ва тараққиёт ўртасидаги ип нечоғлик омонатлигини жадидлар синчидек рўй-рост кўришганини архивларда қолган мерослари яна бир карра тасдиқлайди.

Миллатлар қандай тараққий этарлар?

«Самарқанд» газетасининг 1913 йил 30 июлда чиққан 31-сонида Маҳмудхўжа Беҳбудхўжа имзоси билан эълон қилинган.

Маҳмудхўжа Беҳбудий.

Фото: «Behbudiy.uz»

Миллатлар тараққийиға бир неча сабаблар бўлуб, туб сабаби уламо ила ағниёнинг ҳамият ва ғайратларидур. Тараққий қилғон ва ё энди тараққий қилгувчи миллатлар аҳволиға диққат қилинса, мазкур икки синф муҳтарамни ўз миллатлариға сўз ва ақча ила хизмат этганлари фавран ҳозир бўлур.

Ҳар миллатнинг уламоси, аҳли қалами, мутафаккири ўз миллатининг ояндаси учун йўл кўрсатур, машварат берур, миллат ахлоқининг ислоҳи учун масжидларда панд ва насиҳат берур, мактаб ва мадрасаларда дунё ва охиратда керак илм ва фан таълим берарлар, китоб ва газет ила умматни муслиҳи учун баҳс ва муколамалар қилурлар.

Тараққий қилгувчи миллатларнинг уламоси замондин бохабар бўлиб, ўз миллатининг «масолиҳи замония»си учун саъй этар, миллатнинг пешрафтиға ақча ила, ҳайрат ила иона қилмоқни миллат бойлариға таклиф этар, ташвиқ ва таҳрис этар. Хулоса, ҳар миллатни(нг) уламоси, аҳли қалами миллат учун сўйлар, ёзар ва ҳавоижи миллия ва замонияни ўз миллати мансубиға билдирар. Замона ағниёлари ўз миллатларини замонийча кераклиги йўлинда ақча сарф этарлар. Масалан, янги усулда замонавий мактаблар бино этиб, замонийча одам тайёрламоқ учун ҳаракат этарлар. Ҳукуматни ўрта ва олий мактаблариға ўқийдурғон ўз миллат болалариға ионат этарлар. Ва бечора ҳамжинсларини диний ва дунёвий мактаблариға беруб, ўз харажатлари ила ўқутадурлар.

Рус, армани, яҳудий ва бошқа Русиядаги ватандошларимизни бойлари доимо ўз миллатлари учун катта хайр ва эҳсонлар қиладурлар, инчунин, Кафказ, Қрим, Қозондаги мусулмон биродарларимизни(нг) бойлари, уламоси ва аҳли қалами, соҳиби фикри ўз биродарлариға мол, ақча, қалам ва илм ила кўб иона қиладурлар.

Аммо бизни(нг) Туркистонда бу ишлардин сўйламоққа ҳануз навбат келган йўқ. Ҳар ким ўз нафи ва ўз шахсий иши ила саргардон, умумий ёинки диний ва миллий ишларни ояндаси учун, миллатни замона одамларидек тараққий этмоғи учун, халойиқни ислоҳи ахлоқи учун ғам тортувчи ва ҳаракат этгувчи йўқдур.

Бир карра диққат қилиб, маҳалла-кўй ва қишлоқ халқларига қаралсун. Авомлик, беилмлик нақадар кўпайган. Биз мусулмонмиз. Мусулмонликға илм лозим, амал лозим. Ўқумоқ керак. Нима учун бошқа миллатларда юза бир нафар бесавод йўқ экан, биза юза бир нафар саводлик йўқ?

Бошқа миллатнинг ёш болалари мактабда, лекин бизники ҳаммолликда ва гадойликда. Бошқа миллат уламосиға тобе экан, бизни уламо билъакс авомға тобедур. Бунинг охири харобдур. Йигирма, ўттуз сана сўнгра яна ёмонроқ бўлур, мусулмонлик илм ва адаб ила қоим, миллат ахлоқ, фазл ва ҳунар ила боқий қолур.

Бугун ислоҳи мактаб-мадраса, яъни ислоҳи миллатға кўшиш қилинмаса, рубъи асрдин сўнгра диёнат барбод бўлур ва анинг жавоби масъулияти бугунгиларға қолур. Бу масъулиятдин қутулмоқ учун миллатни диний илм ва дунёвий илм-фанлар ўқумоқ учун тарғиб қилмоқ керакдур. Диний илм ила фанларнинг ўрни мактаб ва мадрасалардур.

Дунёвий фанларни ўрни ҳукумат мактабларидур, иккисиға ўқумоқ учун ақча лозимки, ул ақча бойларни киссаи ҳамиятидан чиқса керак.

Ҳар замон учун асбоби ислоҳ ва тараққийи ионат бошқарур. Миллатға ионат этмоқ учун, ислоҳи мактаб ва мударрис учун, русий мактаблариға бола тайёрламоқ учун, деҳқон ва санъаткорларни ривож бермоқ учун «Жамияти хайрия», «Нашри маориф», қироатхоналар, фўндлар, куржуклар, жаридалар, мажаллалар, нашриётлар… керакдур. Миллатлар тараққийси шул ила бўлур ва бу ишларға ақча керакдур, ақча бойларда ва афродда!

Маро ба тажриба маълум шуд даро ҳар кор,

Ки қадри мард ба илм аст, қадри илм ба мол*.

(*маъноси: Менинг ҳар бир иш тажрибамдан шул маълум бўлдики, мард, яъни эр кишининг қадри илмда, илмнинг қадри молда экан)