Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода бошчилигидаги делегация 14 май куни Тошкентга келди, деб хабар беради ЎзА.

Фото: ЎзА

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида юқори мартабали меҳмонни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов кутиб олган.

Фото: ЎзА

Аввал Тошкентда 14—15 май кунлари Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 8-йиғилиши бўлиб ўтиши тўғрисида хабар берилганди.

Ташриф дастуридан Тошкент шаҳридаги бир қатор саноат объектлари фаолияти билан яқиндан танишиш ўрин олган. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилиши якунлари бўйича ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 7-йиғилиши 2020 йил 29 сентябрь куни Тожикистон пойтахтида ўтказилганди.

2021 йил 24 апрель куни Хўжандда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода бошчилигидаги ҳукумат делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтганди. Томонлар Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йилда Тожикистонга уюштириладиган ташрифига тайёргарлик кўриш нуқтаи назаридан икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилганди.

Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан 10−12 июнь кунлари расмий ташриф билан Душанбеда бўлиши кутилмоқда.