Калифорниянинг Ирвайн шаҳрида истиқомат қилувчи эркак пандемия оқибатида жабр кўрган бизнесларга ёрдам сифатида давлатдан 5 миллион доллар олиб, пулларни спорткарлар харидига сарфлаб юборди, деб хабар беради Esquire.

Фото: Twitter / US Attorney L.A.

Айблов хулосасига кўра, 38 ёшли Мустафо Қадири ушбу маблағни ўзининг тўртта компаниясида ишлайдиган ходимларининг маошларини ҳимоя қилиш дастури бўйича кредит кўринишида олган. Бу каби кредитларнинг ўзига хослиги — маълум шартларга риоя қилинганида кредитнинг бир қисми кечиктирилиши ёки бутунлай ундан воз кечилиши мумкин.

Қадири учта банкка сохта ҳужжатлар ҳамда компанияларидаги ходимларнинг сони тўғрисидаги ёлғон маълумотларни тақдим этган. Қўлга киритилган пулларга эса у Ferrari, Bentley ва Lamborghini харид қилган. Тергов маълумотларига кўра, калифорниялик кредитларнинг бир қисмини «ҳашаматли таътиллар» учун сарфлаб юборган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари Қадирига нисбатан тўртта айбловни эълон қилган, жумладан, фирибгарлик, шахсий маълумотларни ўғирлаш ва пул ювиш. Унинг мол-мулки мусодара қилинган. Айбланувчининг ўзи эса 100 минг доллар гаров эвазига қўйиб юборилган.

Аввалроқ америкалик бизнесмен давлат томонидан ажратилган ёрдам пулига Кia Stinger ва яхта сотиб олгани маълум бўлганди.