Bugatti компанияси Baby II номли икки ўриндиқли болалар автомобилини етказиб беришни бошлади. Vitesse иштирокида яратилган моделни биринчи бўлиб Ол-Мақтум аэропортидаги хусусий самолётлар терминалининг операторларидан бири — Jetex компанияси сотиб олган. Машинадан VIP-йўловчиларни ташишда фойдаланилади, деб ёзади Motor.

Фото: Bugatti Baby II

Ушбу нусха буюртма асосида йиғилган: у карбондан тайёрланган, Jetex Orange тўқ сариқ рангига бўялган, ретро-услубдаги ёруғлик диод фаралари ва стоп-сигналлар ўрнатилган. Салонида чарм ўриндиқлар жойлашган.

Bugatti Baby II нархи 71 минг еврони ташкил этади. 250 килограммли машина 13 от кучига эга электромотор ёрдамида ҳаракатга келади: максимал тезлиги соатига 70 километр, 60 километр/соат тезликка эса Baby II олти сонияда эришади.

Буюртмага кўра моделнинг кучсизроқ моторга эга арзонроқ вариантлари ҳам тайёрланади. Масалан, 1,4 от кучига эга Baby II нархи 30 минг еврони ташкил этади, қўшимча қурилмалар ва рангларсиз Vitesse версиясини 43,5 минг евро, Pur Sang модификациясини 58,5 минг еврога харид қилиш мумкин.

Фото: Bugatti Baby II

Бабй II болалар учун яратилганига қарамай, айрим буюртмачилар ундан бошқа мақсадларда фойдаланишни режа қилган. Jetex операторидан ташқари ушбу машинани гаражида Bugatti Type 35 ва 1927 йилги ноёб Bugatti Baby сақланувчи бельгиялик коллексионер ҳам сотиб олган. У Terre D’or чарм салонига эга Nocturne Black рангли версиясини танлаган.

Аввалроқ британиялик блогер Мэтт Дентон пластик эҳтиёт қисмлардан дунёга машҳур Lego конструктори услубида яратилган янги пойга машинаси версиясини ясаганди. Муҳандис 3D-принтерда чоп этилган ўзининг транспорт воситасини соатига 50 километр тезликда ҳайдашга муваффақ бўлган.