Бухоро вилоятнинг Жондор туманида мактаб ўқувчисининг ўлими билан якунланган ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Шукруллаев хабар берди.

Таъкидланишича, Жондор тумани ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятга эга М-37 Самарқанд—Бухоро—Туркманбоши автомобиль йўлининг 291-километрида автоҳалокат содир бўлган. 27 ёшли Matiz ҳайдовчиси Ж.Р. эҳтиётсизлиги ва йўл қоидасини қўпол равишда бузиши оқибатида пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган пиёда — тумандаги 8-мактабнинг 6-синф ўқувчиси бўлган 14 ёшли қиз Ч.Х.ни уриб юборган. Оқибатда ўқувчи қиз воқеа жойида вафот этган.

Ҳайдовчи Ж.Р. қамоққа олинган ва айни пайтда унга нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Самарқандда Damas йўл четидаги 9 ёшли болани уриб юбориши оқибатида жабрланувчи шифохонада вафот этгани, Бухоролик ҳайдовчи ҳам светофорнинг қизил чироғига амал қилмай, мактаб ўқувчиси ўлимига сабаб бўлгани, Қашқадарёда эса «Жигули» ва Nexia иштирокида содир бўлган ЙТҲ оқибатида 7 киши ҳалок бўлгани, марҳумларнинг икки нафари вояга етмаган болалар экани ҳақида хабар берилганди.